Линклар

logo-print

Тожикистон Миллий тест маркази ташкил этмоқчи

  • Гулнора Равшан

Тожикистон олий ўқув юртларида порахўрлик, ошна-оғайнигарчилик каби нуқсонларга барҳам бериш, таълим соҳасини халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида Миллий тест маркази ташкил этишни кўзламоқда.

Тожикистон таълим вазири ўринбосари Фарҳод Раҳимов МДҲнинг Ўзбекистон, Озарбойжон ва Қозоғистон каби давлатлари тажрибаларини ўрганган ҳолда шундай қарорга келинганини таъкидлади. У мазкур лойиҳа тўлиқ амалга оширилса, кутилган натижаларга эришиш мумкинлигини айтди.

“Миллий тест маркази замонавий техник жиҳозлар билан таъминланиши назарда тутилмоқда. Жумладан, имтиҳон топшириш хоналарининг ҳар бирида кузатиш камералари ўрнатилиб, абитуриентлардан имтиҳон олиш ва ёзма ишларини текшириш жараёни ҳам Интернет орқали бевосита кўрсатилади. Бу, ўз навбатида, имтиҳонлар шаффофлигини таъминлашга кўмаклашади”, - деди Фарҳод Раҳимов.

Унинг сўзларига кўра, Миллий тест маркази фаолияти Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан тўла назорат қилиб турилади.

Тожикистон Технология университетининг Хўжанд филиали раҳбари Анвар Мақсудов Миллий тест маркази фаолияти бошланишида муаммолар бўлиши табиий экани, шунга қарамай, мазкур марказ мамлакат таълим тизимида ижобий самара беришига ишонади.

“Ҳатто Ўзбекистон, Озарбойжон, Грузия каби давлатларининг тест марказлари фаолиятида кузатилган айрим нуқсонларга қарамай, бу давлатлар олий ўқув юртларида коррупция камайгани гувоҳимиз. Масалан, 1994 йилда қўшни Ўзбекистонда тузилган Миллий тест маркази жуда қисқа вақт орасида шундай катта ютуқларга эришишига шубҳа билан қаралган эди. Аммо бугун бу марказ ўзини оқлаётганини кўриб турибмиз. Бизнинг мамлакатда ҳам шундай марказга зарурат бор экан, камчиликлардан чўчишга ўрин йўқ”, - деди Анвар Мақсудов.

Технология университети ректори Ҳамдулло Фақиров эса Миллий тест маркази олий ўқув юртларида порахўрликнинг батамом тугатилишига ёрдам бера олмаслиги, аммо таълим сифатини яхшилаш борасида бир қадар янгиликлар бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Режага кўра, Миллий тест маркази 2010 йилдан тўла фаолият юрита бошлайди. Унга қадар лойиҳага ҳомийлик қилиш ниятида бўлган хорижлик сармоядорлар билан ташкилий ишлар босқичма-босқич амалга оширила боради.

Миллий тест марказини ташкил этишга оид лойиҳа учун тахминан 5 миллион АҚШ доллари сарфланиши айтилмоқда.

Соҳибкорлик ва ҳунар олий ўқув юрти ректори Зокиржон Вазиров таълим миллий хавфсизликнинг бир қисми эканини таъкидлаб, тест маркази хорижий сармоя эвазига ташкил этилишига қарши эканини билдирди.

“Пул тўлаган киши мусиқа буюришини унутмаслик лозим. Грузия, Украина, Қирғизистонда юз берган рангли инқилобларда ўша хорижий сармоядорлар қўли борлигини эсдан чиқармайлик. Таълим тизими ва умуман жамиятдаги нуқсонларни тугатиш борасида молиявий муаммолар мавжудлигидан қатъий назар бу марказ Тожикистоннинг ўз бюджети маблағи ҳисобидан ташкил этилиши шарт”, - деди Зокиржон Вазиров.

Мустақил кузатувчилар Тожикистон бу лойиҳани амалга ошириш учун хорижий сармояга муҳтожлигини ва усиз иш жойидан силжимаслигини таъкидламоқда. Бироқ айрим кузатувчилар фикрича, сармоялар ишни жойидан силжитиш учун эмас, балки амалдорларнинг пичоғи мойда бўлиши учун жалб этилади.

“Афсуски, Тожикистон ҳукумати турли лойиҳалар учун хорижий давлатлардан олинган қарзларни кўпинча мақсадсиз сарфлайди, - дейди мустақил кузатувчи Тоҳир Абдужаббор. - Хорижий инвесторлар томонидан ажратилган жуда катта миқдордаги қарзлар ҳукумат амалдорлари томонидан талон-тарож қилинаётгани ва натижада лойиҳада режага олинган ишлар ўлда-жўлда қолиб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас. Мамлакатимизда туғилажак навбатдаги янги лойиҳа тақдири ҳам шу тариқа якунланишига ишончим комил”.
XS
SM
MD
LG