Линклар

Жаҳон банки раҳбарлигига янги номзод кўрсатилди

  • Озодлик

АҚШ президенти Жорж Буш мамлакатнинг собиқ савдо вакили Роберт Зелликни Жаҳон банки президенти лавозимига номзод этиб кўрсатгани расман эълон қилинди.

53 ëшли Р.Зеллик 2001 йилдан 2005 йилнинг февралигача АҚШ савдо вакили лавозимида ишлаган. Кейинчалик эса АҚШ давлат котиби Кондолиза Райснинг ëрдамчиси бўлган.

Жаҳон банки бошқаруви Р.Зеллик номзодини тасдиқлашига ҳеч ким шубҳа қилаётгани йўқ. Чунки мавжуд анъанага кўра, Жаҳон банки президенти америкалик, Халқаро валюта жамғармаси раҳбари эса европалик бўлиб келган.

Р.Зеллик номзоди тасдиқланса, у Жаҳон банкининг 30 июнь куни истеъфога кетадиган президенти Пол Вулфовицнинг ўрнини эгаллайди. Банк ходимаси бўлган жазмани Шаҳа Али Ризонинг хизмат пиллапояларидан кўтарилишига ёрдам бергани унга қимматга тушди. Пол Вулфовицнинг бу ҳаракати банкнинг ички қоидаларини бузиш сифатида баҳоланди ва у истеъфога кетишга мажбур бўлди.

Лондондаги Америка тараққиëти институти ходими Шейла Пэйж Р.Зелликнинг янги лавозимдаги асосий вазифаси Жаҳон банкининг тушиб кетган обрўсини кўтариш бўлишини айтади

“Р.Зеллик, биринчи навбатда, банк бошқаруви ва аъзоларининг ишончини қозониши керак. Шундан сўнг банкнинг жиддий ишлашини тасаввур қилиш мумкин”, - дейди Шейла Пэйж.

Шунингдек, Р.Зеллик ривожланган мамлакатларни банк учун яқин йиллар ичида 30 миллиард доллар ажратишга кўндира олиши зарур.

“Р.Зеллик банкнинг қайси йўналишда ишлашини ҳам ўйлаши керак. Қашшоқ давлатларга кўпроқ ëрдам берилиши лозимми ëки глобал иқлим исиши ëхуд коррупцияга қарши курашга эътибор қаратиши керакми, аниқлаб олиши зарур бўлади”, - дейди Шейла Пэйж.
XS
SM
MD
LG