Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:50

Бош вазир заҳарлангани тасдиқланди


Қирғизистон бош вазири Олмос Отамбоевни текшириб кўрган шифокорлар унинг заҳарланганини тасдиқлади. Бош вазир организмидан заҳарнинг номаълум тури топилгани ҳақида қирғиз матбуоти хабар тарқатди.

О.Отамбоев бир қанча вақт муқаддам парламентдаги чиқиши чоғида ўзига суиқасд уюштирилгани, иш кабинетида унга заҳарланган сув ичирилгани, бунинг оқибатида ҳушини йўқотиб, икки ҳафта даволанганини айтгандан сўнг энди шифокорлар ҳам бу гапларни тасдиқлади.

“Бош вазирнинг Ҳукумат уйида заҳарланиши яхшилик аломати эмас. Бу ишга Миллий хавфсизлик хизмати, Бош прокуратуранинг бефарқлиги бундан ҳам ташвишланарли ҳолдир”, - деди О.Отамбоев шифокорлар текшируви натижаси эълон қилингач.

Унинг сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот тизимлари бош вазир заҳарланиши юзасидан тергов ишларини ҳозирча бошламаган.

О.Отамбоев Талас вилоятига сафари давомида яна бир кўнгилсизликка учради. Унинг машинаси Таласдаги олтин конларини ёпиш талаби билан чиққан ёшлар томонидан тошбўрон қилинди. Милиция тошбўрон ташкилотчиларини топиб, қамоққа олган.

Бир неча ой олдин мухолифатнинг таниқли етакчиларидан ва халқнинг эркатойи бўлган О.Отамбоевга суиқасд ва ҳужумлар уюштирилаётганини қандай изоҳлаш мумкин?

Қирғизистон парламенти депутати Темир Сариев бу саволга жавоб берар экан: “О.Отамбоев бугунги давлат тузуми қурбонидир. У катта хато қилди. Отамбоев ҳукуматга раҳбарлик қилиб, тузумни ичидан ўзгартираман, деб ният қилган эди. Бироқ аввал тузумни ўзгартириб, кейин унга раҳбарлик қилиш тўғрироқ бўлар эди. Чунки бугунги тузум унинг ўзини ҳам ямлаб ютиб юборишга тайёр”, - деди.

О.Отамбоевнинг ўзи эса бу суиқасд ва ҳужумлар уни қўрқитиш, истеъфога чиқишга мажбурлаш мақсадида қилинаётганини айтяпти. Чунки у ҳукумат раҳбари бўлганидан бери ўтган қисқа давр ичида бир неча йиллардан бери талаш бўлиб келаётган ва ноқонуний тарзда сотиб юборилган йирик заводлардан бири давлатга қайтарилди.

“Лекин мен энди истеъфога чиқмайман. Чунки мени қўрқитишларини жуда ёқтирмайман. Мени қўрқитмоқчи бўлганларга қасдма-қасд ҳукуматдаги ишимни давом эттираман”, - деди О.Отамбоев.

Қирғизистондаги нодавлат ташкилотлар вакиллари ҳам бош вазирга қарши бундай ҳаракатлар содир этилганидан ташвиш билдирмоқда.

“Бугунги кунда президент ва бош вазир хавфсизлиги таъминланилмаяпти. Бу эса Қирғизистонда ҳеч кимнинг хавфсизлиги таъминланмаяпти деганидир. Чунки ўзини ҳимоя қила олмаётган олий даражадаги амалдорлар халқ хавфсизлигини таъминлай олишига ҳеч ким ишонмайди”, - дейди “Қилим шами” нодавлат ташкилотлар бирлашмаси раиси Азиза Абдурасулова.
XS
SM
MD
LG