Линклар

Болалар ОИТСга чалинмоқда, расмийлар буни рад этяпти

  • Барно Анвар

“Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакиллари мазкур идорага чақалоқларига қон қуйиш орқали ОИТВ юқтирилган йигирмага яқин гўдакнинг ота-онаси мурожаат қилганини билдирди.

Мана шу мурожаатлар ортидан “Озодлик” мухбири ўтказган суриштирувлар натижасида эса аслида даҳшатли касалликка чалинган бемор болалар сони бундан кўп бўлиши эҳтимолдан холи эмаслиги, аммо мамлакат расмийлари буни яширишга қаттиқ уринаётгани ойдинлашди.

Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган ва 1 ёшли гўдаги ОИТСга чалиниб оламдан ўтган она унинг фарзандига касаллик Тошкент шаҳридаги болалар шифохоналаридан бирида қон қўйиш йўли билан юққанини, унинг боласи билан бирга кўз ўнгида нобуд бўлган болалар сони 20 тадан кўп эканини айтди.

“Касаллик юққан болалар жуда кўп. Биз ҳам касални юқтирганимиздан кейин билдик. Ҳаммасига, асосан, қон қуйиш орқали юққан ва кўпчилик Тошкент шаҳридаги 5-болалар шифохонаси ёнидаги қон қуйиш клиникасида юқтирганини айтяпти. Кейин вилоятлардан келаётган бемор болалар сони ҳам кўпаймоқда. Менинг боламга ҳам ўша ерда қон қуйишган эди”, - деди 1 ёшли гўдаги ОИТСдан ўлган она.

Бу аёлнинг ўзи ҳам ҳозир касал. У ҳам бедаво бу дардни ўзига қон қуйиш орқали юққан, деб ҳисоблайди. Аммо шифокорлар буни рад этмоқда.

Набираси ОИТСдан нобуд бўлган тошкентлик яна бир аёл сўзларига кўра ҳам Тошкентдаги болалар шифохоналарда қон қуйиш орқали болаларга ОИТВ юқиши ҳоллари кўпаймоқда. Аммо мамлакат расмийлари зўр бериб буни яширишга уринмоқда.

“Бу ҳақда бирорта раҳбар эшитишни ҳам, гапиришни ҳам истамайди. Додлаб юрган ота-оналарни эса “ўзингизга кимдир юқтириб кетган”, деб оғзига уряпти. Ёки қўрқитиб овозини ўчиряпти. Аслида бу бедаво дард роса кўпайган. Бизнинг икки ёшли набирамизга ҳам қон қуйиш орқали юққанига ишончимиз комил. Аммо шунча арз қилиб, бирор жойда буни исботлай олмадик”, - деди аёл.

“Озодлик” мухбири ОИТСга чалинган гўдакларнинг ота-оналари тилга олган шифохоналарга боғланганида уларнинг раҳбарлари бундай ҳолат мавжудлигини мутлақо инкор қилди. Аммо Тошкентдаги шифохоналардан бирида ишлайдиган, ўзини таништирмаган ходима бу маълумотни тасдиқлади.

“Бор, болаларга қуйилган қондан ОИТВ юққанига оид ҳолатлар бор, тўғрисини айтиш керак. Келсангиз ота-оналар, шифокорлар билан гаплашиб, ўзингиз бунга амин бўлишингиз мумкин”, - деди у.

ОИТСни даволаш шифохонасидаги ўзини таништирмаган ходима ва гўдаклари касалликка чалинган ота-оналар бу борада ҳар қандай шикоятлари рад этилаётгани ва шифохона, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, суд-прокуратура органлари имкон қадар бу маълумотни бости-бости қилишга уринаётганини айтмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийларидан бири қон қуйиш орқали болаларга ОИТВ юққанига оид бир-икки ҳолат бўлиши мумкинлиги, аммо расман қайд этилган ҳолатлар йўқлигини таъкидлади.

Бир қанча вақт муқаддам Андижон вилоятида қон қуйиш орқали болалар ва катталарга ОИТВ юққанига оид хабар тарқалган ва расмий идоралар буни ҳам инкор қилган эди. Аммо ҳозирга келиб Соғлиқни сақлаш вазирлигининг микрофонга гапиришни истамаган бошқа бир расмийси бунинг бор гап экани, айни вақтда Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ва яна бир амалдор устидан суд бораётганини тасдиқлади. Шунингдек, бутун республика бўйлаб ОИТС марказлари ва шифохоналарда қаттиқ текширув бошланганини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG