Линклар

logo-print

ЕХҲТ терроризмга қарши кураш масаласида халқаро анжуман ўтказмоқда

  • Ҳасанжон

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти 1 июнь куни Венада “Терроризмга қарши курашда давлат органлари, фуқаролик жамиятлари ва бизнес жамоаларининг ўзаро ҳамкорлиги”мавзуида халқаро анжуман ўтказади.

Йиғилишда терроризмга қарши кураш жараёнида кузатилаётган камчиликлар, уларни бартараф қилиш, терроризмга қарши самарали кураш усуллари ва бошқа масалалар муҳокама этилиши кутилмоқда.

ЕХҲТ матбуот вакили Виржиние Куллудон бу халқаро анжуман Россия ва АҚШ ҳамкорлигида уюштирилаётганини билдирди.

“Анжумандан кўзланган мақсад давлатлар, фуқаролик жамиятлари ва бизнес доиралари вакилларини бир жойга тўплашдан иборат. Чунки ҳозир терроризмга қарши кураш терроризмнинг ўзи каби мураккаб ва кўп томонлама бўлишини тақозо қилмоқда”, - деди В.Куллудон.

Анжуман қатнашчилари терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқлари, оммавий ахборот воситалари билан боғлиқ масалалар, муҳим инфратузилмаларни ҳимоялаш, терроризмнинг молиявий манбасини қирқиш чоралари, шунингдек, террорчилар манфаатига хизмат қилиши мумкин бўлган бошқа омиллар масалаларини ҳам муҳокама қилади.

Анжуманинг дастлабки кунида Россия президентининг терроризм ва халқаро уюшган жиноятчиликка қарши курашда хориж билан ҳамкорлик бўйича вакили Анатолий Сафонов ҳамда АҚШ Давлат департаментининг терроризмга қарши кураш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчиси Фрэнк Урбансик маъруза қилади. ЕХҲТ аксарият учрашувлар ёпиқ эшиклар ортида ўтказилишини билдирган.

В.Куллудон сўзларига кўра, ҳозир терроризмга қарши кураш нафақат ҳарбий, балки жамиятнинг бошқа соҳаларида ҳам давом этишини тақазо этмоқда. Зеро, террорчилар айрим давлатларда юзага келган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий қийинчиликлардан фойдаланиб, ўз сафини кенгайтиришга уринмоқда. Шу боис, анжуманнинг яна бир мақсади одамлар турмушини яхшилаш орқали терорчилар сафи кенгайишининг олдини олишдан иборат.

“Терроризмга қарши курашда барча ҳукуматлар фуқаролик жамиятлари ва бизнес доиралари вакиллари билан ҳамкорликда ишлаши жуда муҳим аҳамият касб этади. Чунки бизнес турмушда тезда ўзгаришлар бўлиши, кам сонли жамоалар учун янги иш жойлари яратишга ёрдам бериш имкониятига эга. Шунингдек, бизнес ёшлар билан алоқа ўрнатиш учун технологиядан фойдаланиши мумкин. Улар бу ишни ҳукуматлардан кўра самаралироқ амалга ошира олади”, - деди В.Куллудон.

Ҳуқуқ ҳимоячилари айрим давлатлар, жумладан, Ўзбекистонда терроризмга қарши кураш баҳонасида мухолифат аъзолари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, диндорлар ва бошқаларга тазйиқ ўтказилганини иддао қилиб, бу борада хавотир билдириб келади.

Ҳукуматлар терроризмга қарши кураш кампаниясидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишининг олдини олиш учун ЕХҲТ томонидан қандай чоралар кўрилмоқда, деган саволга В.Куллудон: “ЕХҲТ дин эркинлиги, сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаб, жумладан, Ўзбекистондаги воқеаларга ҳам муносабат билдириб келмоқда. ЕХҲТ ва Варшавада жойлашган Демократик ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари идораси бағрикенглик, тоқатлилик ва дин эркинлигини тарғиб қилиш борасида самарали ишларни амалга оширмоқда. Ўзбекистон ЕХҲТга аъзо давлат сифатида бу принципларга риоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Кенгаш йиғилишларида аъзо давлатларга дин эркинлиги ва сўз эркинлиги билан боғлиқ масалаларга кўпроқ эътибор қаратилиши кераклиги таъкидлаб келинади. Баъзан бу Ўзбекистонга ҳам таллуқли бўлади”, - дея жавоб қайтарди.
XS
SM
MD
LG