Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:03

Тожикистонда Республика матбуот маркази ташкил этилди


Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда БМТнинг Тожикистонда тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш бюроси ташаббуси билан Душанбеда Республика матбуот маркази ташкил этилди.

Бу марказнинг фаолияти мамлакатдаги маҳаллий ҳамда хорижий ахборот воситалари вакилларини тожик жамиятида рўй берган энг сўнгги хабарлар билан таъминлашга қаратилгани таъкидланмоқда. Янги марказдаги илк матбуот анжуманини эса ташкилотчиларнинг ўзлари ўтказди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Давлат Назриевнинг сўзларига кўра, марказ журналистларни сўнгги янгиликлар ва маълумотлар билан таъминлашдан ташқари ҳафтада бир марта ҳукуматнинг юқори идоралари расмийлари билан матбуот анжуманлари ўтказиш ҳам режалаштирилган.

“Мен бу масалани узоқ ўргандим. Беларус тажрибаларидан биламан, у ерда нафақат ҳукумат расмийлари, балки хорижий давлатлар элчилари билан ҳам журналистларнинг учрашувлари бўлиб туради. Биз ҳам янги марказ фаолиятида ўша давлатлар тажрибаларини тадбиқ этишга ҳаракат қиламиз”, - деди Д.Назриев.

БМТнинг Тожикистонда тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш бюроси бошлиғи Владимир Сотиров мамлакатда юз бераётган воқеа ва ҳодисалар аксарият ҳолларда жамият назаридан четда қолаётгани, шунинг учун ҳам шундай бир марказнинг фаолияти бугун жуда зарур эканини билдирди.

“Республика матбуот маркази ўз фаолиятида мустақил бўлиши шарт. Уни журналистларнинг ўзи бошқариши лозим. Ҳукумат вакиллари ва мамлакатга келган хорижий давлатлар расмийлари билан матбуот анжуманлари ташкил этиш зарур. Бу, ўз навбатида, давлат идоралари фаолиятида шаффофликни таъминлашга хизмат қилади”, - деди Владимир Сотиров.

Журналистлар орасида янги марказ фаолияти ўзларини қониқтиришига шубҳа билан қараётганлари ҳам йўқ эмас.

“Кўп ҳолларда кечки дастурлар учун зарур хабарларни олиш осон эмас бизга. Масалан, матбуот маркази ташаббускори бўлган Ташқи ишлар вазирлигидан бирор хабар бўйича маълумот олиш деярли мумкин эмас. Бу марказ давлат идораларининг деярли ҳаммасида мавжуд шундай муаммони мустақил тарзда ҳал қила олишига ҳозирча ишончим комил эмас”, - дейди “Би-би-си” радиосининг Тожикистондаги мухбири Шамсия Қосимова.

Эроннинг “Садои Хуросон” радиоси мухбири Зиёратшоҳ эса матбуот маркази ҳукумат идораси ташаббуси билан тузилгани боис ҳам ижобий натижалар бўлишига ишонишини билдирди.

“Албатта, давлат идораларидан маълумотлар олиш маҳаллий журналистлар учун бироз осонроқ. Аммо биз хорижлик журналистлар бу идораларнинг қора рўйхатида бўлганимиз сабабли маълумот олиш учун раҳбарларнинг расмий рухсатини олишимиз шарт этиб белгиланган. Республика матбуот маркази кўмагида давлат идоралари хорижлик журналистлар билан яхши ҳамкорликни йўлга қўйишига умид қиламан”, - деди Зиёратшоҳ.

Республика матбуот марказини тузиш ғояси бундан 4 йил илгари БМТнинг Тожикистонда тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш бюроси томонидан илгари сурилган эди.

Мазкур бюро расмийсининг билдиришича, ўз Интернет сайти, кутубхона ҳамда кичик босмахонасига эга матбуот марказини замонавий техник жиҳозлар билан таъминлаш учун тахминан 200 минг доллар сарфланган.
XS
SM
MD
LG