Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:10

Виктория Нуланд: “Россия бизнинг режамизга қўшилишига ҳали ҳам умидвормиз”


Россиянинг ракета синовлари ўтказаётгани ва АҚШнинг Марказий Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизими қуриш режаси қурол-яроғ пойгаси бошланишига олиб келади, деган хавотирлар пайдо бўлаётгани юзасидан “Озодлик” мухбири АҚШнинг НАТОдаги элчиси Виктория Нуланд билан суҳбатлашди.

“Озодлик”: 29 май куни Россия “РС-24” русумли қитъалараро баллистик ракета синовини мувафаққиятли ўтказди. Президент Владимир Путин буни АҚШнинг ракета ҳужумидан мудофаа тизимининг бир қисмини Европага жойлаштириш режасига муносиб жавоб, дея атади. Бу янги қуролланиш пойгаси бошланишига туртки бўлиши мумкинми?

Виктория Нуланд: Россия бу масалага алоҳида урғу беришга уринаётгани афсусланарли ҳол. Биз бу тизим мудофаа мақсадида яратилаётганини такрор ва такрор айтиб келяпмиз. Ракеталарга қарши қўлланиладиган ушбу ракеталар икки босқичли бўлиб, уларга ядровий каллаклар ўрнатиб бўлмайди. Улар ҳатто Россиядан келаётган нарсани ҳам уриб тушира олмайди. Биз бу масалада ҳеч нарсани яшираётганимиз йўқ. Бунинг устига, биз Россияга ушбу мудофаа тизимини бирга яратишни таклиф қиляпмиз.

Озодлик: Ҳозир Вашингтон ва Москва ўртасида қандай ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган?

Виктория Нуланд: Биз қатор масалаларда ҳамкорликни таклиф қилганмиз. Март ойида АҚШ раҳбари президент Путинга қўнғироқ қилиб, умумий таклифлар берди. Бир ярим ойдан кейин мудофаа вазири Гейтс мудофаа тизими масаласида ахборот алмашиш учун Москвага борди. ... Биз Россиянинг янги ракеталар яратишдан воз кечиб, ракета ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш ишларига қўшилишига ҳозир ҳам умид қиляпмиз. Бизнингча, Эроннинг ракеталар дастури биз каби Россияга ҳам таҳдиддир.

Озодлик: Нима сабабдан АҚШ Чехия ва Польшани танлаган? Бу Эроннинг ракеталарини уриб тушириш учун қулай жой ҳисобланадими? Нима сабабдан бошқа давлатлар танланмаган?

Виктория Нуланд: Географик нуқтаи назардан шундай қарор қабул қилинган. Радар яқинлашиб келаётган ракета тўғрисида сигнал берганидан сўнг ракеталар уни уриб туширади. Агар ракеталар нишонга яқин бўлса, масалан, Туркия ёки Болгария ҳудудида бўлса, вақт етмай қолиб нишон ўтиб кетиши мумкин. Шу боис, физика ва геометрия нуқдаи назаридан шундай қарор қабул қилинган.

Озодлик: Россия президенти Владимир Путин 31 май куни АҚШни янги қуролланиш пойгасини бошлаётганликда айблади. Бунга қандай муносабат билдирасиз?

Виктория Нуланд: Очиғини айтсам, бизнингча бу кулгили ҳол. Президент Буш ва президент Путин Вашингтон ва Москва муносабатлари тарихида стратегик қуроллар сони икки томондан энг кўп қисқартирилишига бош бўлган. Бу икки раҳбарнинг мероси бўлиб қолади. Ҳозир гап мудофаа тизими, яъни ядровий каллаклар ўрнатиш мумкин бўлмаган, ҳатто Россия ракеталаригача етиб бора олмайдиган 10 та уриб туширувчи ракета тўғрисида бормоқда. Москва эса буни янги улкан стратегик таҳдид даражасига кўтаряпти. Ҳозир Эрон АҚШ, унинг Европадаги иттифоқчилари ва Россия Федерацияси халқига стратегик таҳдид соляпти. Вашингтон, Москва ва Европа давлатлари саъй-ҳаракатига қарамай, Эрон ядровий қуролни қўлга киритишга ҳаракат қиляпти. Биз бу жараённи тўхтатиш мақсадимизга етганимиз йўқ. Дипломатик музокаралар самара бермаётгани сабабли биз бу борадаги уринишимиз ва мудофаа тизимимизни икки марта кучайтиришимиз керак.
XS
SM
MD
LG