Линклар

“Иваново ўзбеклари” тақдири янада чалкашиб кетди

  • Озодлик

Россия Федерал миграция хизматининг Иваново вилояти бошқармаси икки ой муқаддам Иваново тергов изоляторидан озод этилган 13 ўзбекка вақтинчалик бошпана беришдан бош тортди.

“Иваново ўзбеклари”ни судда ҳимоя қилаëтган адвокат Ирина Соколова 31 май куни Иваново вилояти миграция бошқармасида бўлгани, ўзбекларга бошпана бериш рад этилгани ҳақидаги билдиришномани олганини айтиб, бу қарор юзасидан юқори инстанцияларга мурожаат этишини маълум қилди.

“Бу жараëн қанча вақт олишини билмайман. Чунки буларнинг барчаси менга боғлиқ эмас. Ҳали шикоят тузиб чиқилиши керак. Тегишли ҳужжатларни энди тайëрлаймиз”, - деди Ирина Соколова.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакиласи Елена Рябинина расмийларнинг “Иваново ўзбеклари”га қочқин мақоми берилишига тўсқинлик қилишини юмшоқроқ айтганда ҳайратланарли, деб баҳолади.

“Ҳибсда ўтириб, қийналиб, бошдан нималарни кечирмаган, Ўзбекистон ҳукуматининг таъқибига учраган одамларнинг аризаси кўриб чиқилиб, уларнинг ўз ватанида бирор таҳдидга учрашига асос йўқ, деган хулосага келиш ақл бовар қилмасдир. Буларнинг барчаси “Иваново ўзбеклари” тақдирини ҳал этишда қонун эмас, балки Россия ҳукуматининг Ўзбекистонга нисбатан ташқи ҳамда ўзининг ички сиëсати муҳим рол ўйнаганини кўрсатади”, - деди Елена Рябинина.

Россия ҳукумати “Иваново ўзбеклари”нинг қочқинлик мақоми сўраб берган аризасини қондирмаган эса-да, уларнинг учинчи мамлакатга чиқиб кетиш учун қочқинлик мақоми берилишини сўраб ёзган аризасини рад қилмади. Бу билан улар қочқинлик мақоми олгунга қадар Россияда вақтинча яшаб туриш имконига эга бўлади.

Қарийб 20 ой давомида Россияда тергов изоляторида ўтирган этник ўзбеклар Ўзбекистон ҳукуматининг талаби билан ҳибсга олинган эди. Ўзбекистон томони уларни Андижон воқеаларини уюштиришга алоқадорлик, терроризм ва қотилликда айблаб келади.

“Фуқаровий кўмак” ташкилотининг яна бир вакили Баҳром Ҳамроев “Иваново ўзбеклари”нинг Россияда узоқ муддат қолиши хавфли бўлиши мумкинлигини айтади.

“Россия бугунга келиб ноҳуқуқий давлатга айланди. Инсон ҳуқуқлари поймол этилмоқда. У ëки бу қарорлар чиқарилгунча Ўзбекистон ҳукумати уларга нисбатан бирор фитна ўйлаб топиши мумкин. Чунки Ўзбекистон доимо бундай фитналарни қилиб келган. Бу бизни хавотирга солади. “Иваново ўзбеклари”нинг ҳуқуқи эса умуман ҳимоя қилинмаган”, - деди Баҳром Ҳамроев.

Елена Рябинина эса токи Россия Ташқи ишлар вазирлиги “Иваново ўзбеклари”нинг учинчи мамлакатга чиқиб кетишига рухсат бермас экан, улар қафасдаги қушга ўхшаб ўтираверишини билдирди.

“Иваново ўзбеклари”ни қабул қиладиган мамлакат бор. Улар БМТнинг қочқинлар иши бўйича идораси томонидан мандатли қочқинлар сифатида тан олинган эди. Аммо улар Россия ҳудудидан чиқиб кета олмайди. Чунки уларга хорижга чиқиш учун рухсат керак. Ташқи ишлар вазирлиги эса Россия Бош прокуратураси “Иваново ўзбеклари”ни юртига экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилгани боис ҳам уларнинг хорижга чиқиб кетишига рухсат бера олмайди. Бироқ уларни экстрадиция қилиш ҳам мумкин эмас. Чунки Европа суди буни тақиқлаб қўйган. Хуллас, вазият оғир”, - деди Елена Рябинина.
XS
SM
MD
LG