Линклар

Тожик чегара қўшинлари офицерини ким ўлдирди?

  • Ҳасанжон

31 май куни тожик-афғон чегарасининг Дарвоз участкаси чегара қисми қўмондони ўринбосари Муқим Муҳаббатов суиқасд қурбони бўлди. Номаълум шахслар унинг ҳайдовчисини ўғирлаб кетгани ҳам хабар қилинмоқда.

Мазкур воқеа юзасидан текшириш бошланган бир пайтда қотилликнинг амалга оширилиш сабаблари ҳақида турли тахминлар ҳам пайдо бўляпти. Баъзилар тожик офицери наркотиклар контрабандачилари қурбони бўлганини айтмоқда. Ҳатто бу жиноятда Ўзбекистон исломий ҳаракати жангариларининг қўли борлигини тахмин қилаётганлар ҳам бор.

“Фарғона водийсида сиёсий исломнинг ўзгачалиги” масаласини атрофлича ўрганган қирғизистонлик мутахассис Иқболбек Мирзаев М.Муҳаббатовга уюштирилган суиқасдга ЎИҲ аъзолари алоқадор бўлиши мумкинлигини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Покистоннинг Вазиристон минтақасидан қувилган ЎИҲ жангарилари ҳозир майда-майда гуруҳларга бўлиниб кетган. Тожик чегара қўшинлари офицерининг ўлдирилишида шу майда гуруҳлардан бирининг алоқаси бўлиши мумкинлигини инкор этиб бўлмайди.

Буюк Британиядаги Жейнс тадқиқот марказининг Евроосиё масалалари бўйича таҳлилчиси Мэтю Клеменс эса Вазиристондан қувилган ЎИҲ жангариларининг М.Муҳаббатов ўлимига алоқаси борлигига ишонмайди.

“ЎИҲ жангарилари Покистон ҳудудидаги турли қавм ва элатлар яшайдиган ҳудудлар, шунингдек, НАТО ва АҚШ қўшинлари бўлган Афғонистон ҳудудларини кесиб ўтиб, Тожикистонга келиши ва чегара қўшинлари офицерини ўлдириши, менимча, эҳтимолдан анча йироқ. Агар бу чегара ҳудудига яхшироқ назар ташласак, Афғонистонда тайёрланган наркотиклар айнан шу ер орқали контрабанда қилиб келинганини кўрамиз. Тожикистон-Афғонистон чегарасида доим қуролли тўқнашувлар бўлиб келган. Шу боис, ЎИҲ жангариларининг у ерда тўғридан-тўғри ҳужумни амалга ошириши эҳтимолдан анча йироқ”, - дейди М.Клеменс.

Швециянинг Упсала университети ҳузуридаги Марказий Осиё-Кавказ тадқиқот марказининг Ипак йўли дастури таҳлилчиси Йохан Энгвал М.Муҳаббатовнинг ўлдирилишига контрабандачилар ҳам, ЎИҲ жангарилари ҳам алоқадор бўлиши мумкинлигини билдирди.

“Аммо, менимча, бу қотиллик наркотиклар контрабандаси билан боғлиққа ўхшайди. ЎИҲ ҳозир уюшмаган тарқоқ гуруҳга айланди. Улар сафида наркотиклар контрабандасига алоқаси бўлган экстремистлар ҳам бор”, - деди Йохан Энгвал.
XS
SM
MD
LG