Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:41

Феликс Қулов Қирғизистоннинг Россияга қўшилиши тарафдори


Қирғизистон бирлашган мухолифати фронтининг иккинчи қурултойида қабул қилинган резолюцияда мамлакатнинг Россияга конфедерация шаклида қўшилиши ташаббуси илгари сурилди.

Шунингдек, унда Қирғизистоннинг ташқи қарзларини фуқаролар ўз ихтиёри билан топширган бадаллар ёрдамида узиш ташаббуси маъқулланди.

Бирлашган мухолифат фронти раҳбари Феликс Қулов қурултойда муҳокама қилинган масалаларнинг энг муҳими Россия билан бирлашиш ташаббуси бўлганини айтди.

“Бугунги қийин вазиятдан чиқиш учун биз Россия билан бирлашмоғимиз керак. Бу ташаббус гуруҳининг ғояси. Бугунги кунда Қирғизистон бўлиниб кетиш хавфи остида турибди. Тарихга назар ташласак, Қирғизистон Россия таркибида 150 йил яшади. Албатта, мана шу даврда салбий воқеалар ҳам бўлди, бироқ Қирғизистон ўз ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолди. Айни пайтда Қирғизистон ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш учун Россия билан конфедерация тузиш лозим бўлади”, - деди Ф.Қулов.

Қурултойда кузатувчи сифатида иштирок этган сиёсатчилар Ф.Қуловнинг бу таклифини кескин танқид қилди.

“Мен бу таклифни қўлламайман. Бу нотўғри ғоядир. Биз Россия билан қўшилишимиз мумкин эмас, аксинча Россия, Қозоғистон, Хитой ва Америка билан ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантирмоғимиз зарур”, - деди Қирғизистон президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари комиссияси раиси Турсунбек Акун.

“Ислоҳотлар учун” мухолифат ҳаракати раҳбари Умурбек Текебоев сўзларига кўра, Россия билан бирикиш таклифи Қирғизистон сиёсатининг мукаммал эмаслиги белгисидир. Бундай ташаббусларнинг томирини қирқиш учун, энг аввало, ташқи ва ички сиёсат стратегиясини қайта кўриб чиқиш зарур.

“Ожизлигимизни намойиш этувчи бундай ташаббусларни кун тартибига чиқармай, бир неча йилга мўлжалланган ташқи сиёсат стратегиясини мукаммал ишлаб чиқишимиз зарур, деб ҳисоблайман. У ёки бу мамлакат билан радикал тарзда интеграцияга киришмоқлик, бошқа бир мамлакат таркибига қўшилиш ғояси бугунги кунда долзарб эмас”, - деди У.Текебоев.

“Демократия ва фуқаролик жамияти учун” нодавлат ташкилотлари коалицияси раҳбари Эдил Байсалов фикрича, Ф.Қулов Қирғизистонни Россияга бирлаштириш ташаббуси билан халқ орасида ўзини обрўсизлантирди.

“Фикримча, Ф.Қуловнинг бу ташаббуси ўйланмай туриб ташланган қадамдир. У ўз ташаббуси билан қирғиз давлатчилигини шубҳа остига қўймоқда. Бу ташаббусни халқимиз ҳеч қачон қўллаб-қувватламаслигига ишонаман”, - деди Эдил Байсалов.
XS
SM
MD
LG