Линклар

logo-print

Дилшод Қурбоновнинг ўз юртига экстрадиция қилиниш хавфи ҳамон сақланиб қолмоқда

  • Фаррух Юсуфий

Россиянинг Тула вилоятидаги Узловая шаҳарчасида ҳибсга олинган 36 ёшли Ўзбекистон фуқароси Дилшод Қурбоновга ҳамон ўз юртига экстрадиция қилиниш хавфи таҳдид солмоқда.

Асли қашқадарёлик бўлган Д.Қурбонов террорчилик ва диний экстремистик ташкилотларга алоқадорлик айби билан Ўзбекистон сўровига кўра бундан бир неча кун муқаддам ҳибсга олинган эди.

Аввалига Д.Қурбоновни юртига экстрадиция қилиш билан очиқдан-очиқ таҳдид қилган Узловая шаҳри туманлараро прокурори вазифасини бажарувчи Сергей Сафроновнинг энди анча шашти пасайган кўринади.

“Фуқаровий кўмак” ташкилоти вакиласи Елена Рябинина инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва матбуот Д.Қурбонов ишига қизиқиш кўрсата бошлагандан кейин С.Сафронов саросимага тушиб, қонунга кўра иш тутишга мажбур бўлиб қолаётганини билдирди.

“Д.Қурбонов кеча Туладаги тергов изоляторига кўчирилиши керак эди. Бу амалга ошдими-йўқми, билмайман. Эртага адвокат билан боғланиб, вазиятни ўрганишини илтимос қилмоқчимиз. Лекин жума куни олинган маълумотларга кўра, С.Сафронов бу ишга катта эътибор берилаётганидан жуда қўрқиб кетган. Турли томонлардан босим ўтказилганидан у нима қиларини билмай қолган ва унга нима қилишни билмаса, қонунга кўра иш тутиши тавсия этилган”, - деди Е.Рябинина.

Узловая шаҳри ички ишлар бошқармаси Ўзбекистон фуқаросининг ҳибсга олинишига унинг ўз юртида ноқонуний валюта операциялари билан шуғулланганликда айланиб қидирувда эканини асос ўлароқ кўрсатган. Е.Рябинина ҳибсга олинишидан бир муддат аввал Д.Қурбонов “Фуқаровий кўмак”ка мурожаат қилиб, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари уни диний сабабларга кўра таъқиб этаётганини билдирганини айтди.

“2004 йилдан бери диний айбловлар билан таъқиб қилинаётганини унинг ўзидан биламан. “Фуқаровий кўмак” идорасига келганда у бошдан ўтказганларини айтиб берган. Хуллас, Д.Қурбоновнинг айтишича, 2004 йил сентябрда Қаршидаги қариндошлари унга маҳаллий телевидение ва газеталарда диний ташкилотларга аъзоликда айблаб унга қидирув эълон қилингани ҳақида хабарлар берилганини айтган”, - деди Е.Рбянина.

Унинг сўзларига кўра, Д.Қурбонов “Фуқаровий кўмак”ка ўзининг ҳеч қандай ташкилотга алоқаси йўқлигини айтган. Аммо 90-йиллар ўрталаридан ислом арконларига жиддий амал қила бошлаган.

“Ўзбекистонда эса, ўзингиз яхши биласиз, бундай одамлар маҳалла қўмиталари ва милицияда махсус назоратга олинади. Қурбонов мисолида ҳам шундай бўлганини тахмин қилиш қийин эмас. У, шунингдек, Ўзбекистондан чиқиб кетишига қадар милиция ва Миллий хавфсизлик хизматига сўроққа чақириб турилгани ҳақида ҳам гапириб берган эди. Ана шу суҳбатлардан бирида милиция ходими унга қамоқдагилардан бири гўёки унинг “Ҳизб ут-таҳрир” гуруҳига аъзолиги ҳақида кўрсатма берганини айтган”, - дейди “Фуқаровий кўмак” вакиласи.

Е.Рябинина сўзларидан маълум бўлишича, ҳибсга олинишидан олдин Д.Қурбонов БМТнинг қочқинлар идорасига ўзига қочқинлик мақоми берилиши сўраб мурожаат этишга улгурган. 29 май куни бу идорага мурожаат қилганидан сўнг 11 июнь кунига суҳбатга чақирилган. Е.Рабининада Д.Қурбоновга суҳбатга чақирилгани тўғрисидаги таклифноманинг бир нусхаси бор. Бу эса у халқаро бошпана сўраб мурожаат қилганига далилдир.

“Хуллас, сўнгги воқеалар Россия ҳукуматининг халқаро қонунларни писанд қилмаётганини кўрсатмоқда ва Қурбоновнинг бошига ҳам бундан аввал ноқонуний равишда, ҳеч қандай суриштирувсиз Ўзбекистон ҳукумати қўлига топиширилган қочқинлар тақдири тушиши эҳтимоли сақланиб қолмоқда. Халқаро қонунлар ҳар қандай шахсни, ҳатто у оғир жиноятларни содир этганликда айбланаётган бўлса ҳам, қийноқларни қўлловчи давлатларга экстрадиция қилишни маън этади. Ўзбекистон эса айнан шундай давлатлар сирасига киради. Шунинг учун Д.Қурбоновнинг тақдири ижобий ҳал бўлишига умид қиламиз”, - деди Елена Рябинина.
XS
SM
MD
LG