Линклар

Имомали Раҳмон БМТ расмийси билан учрашди


Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг БМТ бош котиби ўринбосари, БМТнинг Европа ва МДҲ мамлакатлари бўйича директори Кори Удовички билан Душанбеда ўтказган музокараси чоғида камбағалликни камайтириш стратегиясини амалга ошириш ва Тожикистон ривожи масаласига оид муаммолар муҳокама этилди. Кори Удовички И.Раҳмонга БМТ Тараққиёт дастури 2008 йилда Тожикистондаги турли лойиҳаларни амалга ошириш учун 30 миллион доллар ажратишини билдирди.

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Кори Удовички Тожикистон кейинги тўрт-беш йил ичида турли соҳаларда ижобий натижаларга эришгани, жумладан, камбағаллик даражасини 60 фоиз камайтирганини қайд этди. Шунга қарамай, БМТ Тараққиёт дастури қашшоқлар сонини камайтириш лойиҳаси устида иш олиб бораверишини таъкидлади.

БМТнинг Тожикистонда тинчликни сақлашга кўмаклашиш бюроси ўз фаолиятини тўхтатиши масаласида гапирган Кори Удовички мамлакатда энди бу бюрога эҳтиёж йўқлигини билдирди.

“Бундан кейин Тожикистон мустақил равишда ўз хавфсизлигини таъминлай олади. Энди халқаро ҳамжамият республикани янада ривожлантириш учун кўмаклашиши керак”, - деди БМТ расмийси.
XS
SM
MD
LG