Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:33

Ҳуқуқ ҳимоячилари прокуратура ҳисоботига ишонмаяпти


Ўзбекистон Бош прокуратураси мамлакат конституциясининг 14 йиллиги муносабати билан чиқарилган амнистия ижросига оид ҳисоботини эълон қилди.

Бош прокурор Рашиджон Қодиров эълон қилган ҳисоботга кўра, 2006 йил 30 ноябрда кучга кирган амнистия тўғрисидаги қарор 44 минг маҳбусга нисбатан қўлланган. Шунингдек, жиноий жавобгарликка тортилган 2 минг 377 аёл ва 689 нафар вояга етмаган ўсмир жазодан озод қилинган.

Амнистия тўғрисидаги қарор бўйича биринчи бор содир этган ва енгил жинояти учун қамалган аёллар, 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан катта маҳбуслар ва хорижлик фуқаролар озод этилиши белгиланган эди. Шунингдек, қасддан содир этган жинояти учун 10 йил ва ундан кўпроқ муддатга қамалганларнинг жазо ўталмаган муддатини учдан бир ва чорак қисмга қисқартириш айтилганди.

Қарор ижроси бўйича Бош прокуратура эълон қилган бу йилги ҳисобот натижаларидан амнистияга илинганларнинг асосий қисмини жазо муддати қисқартирилганлар ташкил этди чоғи, деб ҳисобламоқда Ўзбекистондаги қатор ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари.

Жумладан, “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Андреа Берг ҳисоботдаги “44 минг” рақамига алоҳида эътибор қаратди.

“Бу шунча одам озод этилди, дегани эмас, албатта. Менимча, улардан асосий қисмининг жазо муддати икки-уч йилга камайтирилган бўлса керак. Афсуски, биз буни аниқ била олмаймиз, чунки мана бир неча йилдан бери Ўзбекистон ҳукумати амнистияга тушганлар рўйхатини эълон қилаётгани йўқ ва аслида амнистия кимга қўлланяпти ва умуман қандай қўлланяпти, бу номаълум қоляпти”, - деди Андреа Берг.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи ҳам ҳисоботдаги рақамларни шубҳа остига олмоқда. Ташкилот ҳисоб-китобига кўра, ҳозир Ўзбекистонда тахминан 70 мингга яқин маҳбус бор.

Тошкентлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Улуғбек Усмонов буларнинг асосий қисмини диний ва сиёсий мотивлар билан қамалганлар ташкил этиши инобатга олинса, Ўзбекистондаги маҳбусларнинг ҳар учтадан иккитасига амнистия қўлланиши мумкинлигига ишониш қийинлигини билдирди.

“Мана уч-тўрт йилдан бери диний ва сиёсий мотивлар билан қамалган маҳбусларга умуман амнистия қўлланаётгани йўқ. Яна бир жиҳати, маҳбус амнистия қилиниши учун далил бўладиган асосий ҳужжат қамоқхона раҳбарининг тавсияномасидир. Раҳбар эса хоҳлаган маҳбусга тавсиянома беради, хоҳламаганига бермайди”, - деди У.Усмонов.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи берган маълумотга кўра, ҳозир Ўзбекистондаги ягона аёллар қамоқхонасида қарийб 60 га яқин биринчи марта ва диний эътиқоди учун қамалган аёл бор.

“Аммо улардан бирортасига амнистия қўлланганига оид хабар олганимиз йўқ. Бундан ташқари, мамлакатда жазога тортилиши мумкин бўлган 3 мингга яқин аёлга амнистия қўлланиб, жазодан озрод этилди, деган маълумотга ҳам ишониш қийин. Умуман, 44 минг маҳбусга амнистия қўлланди, деган рақамнинг ўзи ҳақиқатдан анча йироқ, менимча”, - дейди ташкилот раиси Суръат Икромов.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволини кузатаётган бир неча ташкилот вакиллари ҳисоботдаги расмий рақамларни шубҳа остига олиш билан бир вақтда аслида озодликка чиқиш муддати етиб келган маҳбусларни озод этмаслик ҳоллари кўпаяётганини таъкидламоқда.

ҲРУ вакиласи Андреа Берг: “1999 йилги портлашлардан сўнг кўплаб одам 6-7 йилга қамалган эди. Бу одамлар мана ҳозир озодликка чиқарилиши лозим. Аммо уларнинг аксарияти ҳануз қамоқда ўтирибди ва улар қамоқхона ички тартибини бузганлик айби билан озодликка чиқарилмаяпти. Бунақа шикоятлар бизда кўп”, - дейди.

Ана шундай арзчилардан бири - ўғли 6 йиллик жазони тўлиқ ўтаб бўлгани боис 3 июнь куни озод этилиши керак бўлган қўқонлик Насиба Ўрунова озод этиладиган куни ўғлига ички тартибни бузганлик айби қўйилганини билдирди. Зангиота қамоқхонасида сақланаётган бу йигитнинг жазо муддати яна узайтирилиши мумкин.

“Ўзи 6 йил бекордан бекорга ўтирди болам, чидадик. 13 кун ертўлада МХХ уриб, юзларини пачоқлаб ташлаганидан сўнг айбни бўйнига олган эди. Энди у нега яна ушлаб турилибди?! Кеча оқшом қамоқхонада ётиб қолдим. Тунги соат 12 дан сўнг маҳбусларнинг додлаб йиғлаган овозлари келяпти. Сезиб турдим, менинг ўғлимни ҳам калтаклашди. Бу қандай бедодлик! Мен унга яна бир кун қўшиб беришса ҳам чидай олмайман, ўзимга ўт қўяман”, - дейди Н.Ўрунова.
XS
SM
MD
LG