Линклар

Бернҳард Клазен: “Диктатурани ҳимоя қилган немис ҳукумати ўз қадриятларимизга қарши бормоқда”

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистон ва Германия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 15 йил тўлди. Бундан 15 йил олдин Тошкентда очилган Германия элчихонаси илк кунлариданоқ тиғиз фаолият юргизган эди.

Тарихий ватанига қайтишни истаган этник немисларга ëрдам кўрсатиш, фуқаролик уруши боис саргардон юрган Тожикистон фуқароларига Германиядаги гуманитар ташкилотлар ëрдамларини етказиш каби юмушлар элчихона зиммасида эди.

Икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 15 йиллигига бағишланган тадбирда сўзга чиққан Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Маттиас Майер бугунга келиб ўзаро муносабатлар ижобий томонга қараб жадал ривожланаëтганини айтди.

Германия элчихонаси матбуот хизмати ходимаси Гулноза Очилованинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айтишича, икки давлат муносабатлари иқтисодий-сиëсий ҳамкорликдан ташқари ўзбек ва немис санъаткорлари, журналистлари ва бошқа касб эгалари ҳамкорлиги боис ҳам ривожланмоқда. Шунингдек, Ўзбекиистонда Германиянинг иккита жамғармаси фаолияти юритяпти.

Айни пайтда Германия ва Ўзбекистон муносабатларида мураккаб нуқталар борлиги ҳам кўзга ташланади. Масалан, Германиядаги Гëте институти фаолияти Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан текширилмоқда, “Немис тўлқини” радиоси мухбирлари Наталья Бушуева ва Юрий Черногаев устидан жиноят иши қўзғатилган. Термиздаги немис ҳарбий базаси ижараси юзасидан ҳам келишмовчиликлар бор.

Хўш, бу омилларни қандай изоҳлаш мумкин, деган саволни Германия элчихонаси ходимаси жавобсиз қолдирди.

Германиялик сиëсатшунос Бернҳард Клазен фикрича, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги мулоқот марказида инсон ҳуқуқлари масаласи кўндаланг турмагани ташвишли ҳол.

“Ўзбек-немис мулоқотида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг бузилиш масаласига катта этибор берилиши лозим. Элчи жаноблари иқтисодий муносабатларга эмас, балки 2005 йил 13 майда Андижонда рўй берган воқеалардан кейин бошланган тазйиқлар тўлқинидан жабр чекканларга эътибор берса, яхши бўлар эди”, - деди Б.Клазен.

Унинг таъкидлашича, Германия Европа Иттифоқида ўзбек режимининг ҳимоячисига айланмоқда.

Ўзбекистон расмий қайддан ўтган инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Михаил Ардзинов Германияни ўзбек режими ҳимоячиси сифатида кўрмайди.

“Германия санкцияларга оғизда қарши чиқди, амалда эса тескари иш қилди. Бу дипломатия деб аталган иккиюзламачи болалар ўйинидан бошқа нарса эмас”, - деди М.Ардзинов.

Б.Клазен Германиянинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласидаги сукутини изоҳлар экан: “Бу жимлик сабабларидан бири Термиздаги ҳарбий базадир. Бу базани сақлаб қолиш андишасида инсон ҳуқуқлари фаолари қамоққа олиниши ҳақида ҳам лом-мим дейилмаяпти”, - деди.

М.Ардзинов эса немис сиёсатшуноси фикрига қўшилмаслигини билдириб, Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси иқтисодий ҳамкорлик ва молиявий кредитлар бериш ниқоби остида мухолифат фаолларини қўллаб-қувватлаётганини таъкидлади.

“Мана сизга конкрет факт. Жаноб Майер ўзини мухолифат, деб атаётган “Бирлик” ва “Эрк” партиялари вакиллари, Суръат Икромов, Елена Урлаева тоифасидаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан ярим йил ичида 11 маротаба учрашди”, - дейди М.Ардзинов.

У Германия учун Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласи эмас, балки геосиëсий манфаатлар муҳимлигини қўшимча қилиб, “Германия Марказий Осиёни Хитой ва Россияга қарши плацдармга айлантирмоқчи” эканини таъкидлади.

Б.Клазен эса Германия ўзининг Ўзбекистон билан алоқаларида геосиëсий манфаатлар билан биргаликда Ғарб учун энг муҳим қадрият бўлган демократияни унутмаслиги кераклигини билдирди.

“Биз немислар ҳамма ерда демократия-демократия деймиз, аммо немис ҳукумати Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари поймол бўлаëтгани ҳақида оғиз очишга ботинмаяпти. Диктатурани ҳимоя қилган немис ҳукумати ўз қадриятларимизга қарши бормоқда”, - деди немис таҳлилчиси.
XS
SM
MD
LG