Линклар

logo-print

Жалолободда Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди

  • Сарвар Усмон

“АКИпресс” ахборот агентлиги Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Жалолобод вилояти бошқармаси томонидан Ўзбекистон фуқароси қўлга олингани ҳақида хабар тарқатди.

Агентликнинг МХҚ матбуот хизмати маълумотига таяниб ёзишича, Ўзбекистоннинг исми ошкор этилаётган фуқароси 30 май куни ҳибсга олинган бўлиб, у террорчилик, жиноий гуруҳ тузиш, қўпорувчиликда гумон қилинмоқда.

Ҳибсга олинган бу фуқаро исмини аниқлашга бўлган уринишлар натижа бермади.

Масалани ўрганиш жараёнида оддий жалолободликларга, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига мурожаат қилдик ва мавзу ўз-ўзидан бироз кенгайиб кетди.

Суҳбатдошларимизнинг фикрларидан ҳокимият ва халқ орасида қандайдир узилиш бор, деган хулоса келиб чиқаверади.

Террорчиликда айбланиб, у ёки бу шахснинг қўлга олингани тўғрисидаги хабарни эшитар экан, оддий одамларнинг кўпчилиги ушланганнинг чиндан ҳам террорчи эканига ишонавермаслиги айтди жалолободлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдуназар.

“Жалолободда анча-мунча одамни муайян мақсадлар билан террорчиликда айблаб ушлаб, мақсадга етганларидан сўнг қўйиб юборган ҳолатлар бор, мақсад эса тамагирлик”, - деди Абдуназар.

Жалолободлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Валерий Улеевнинг фикрича, биринчидан, хавфсизлик хизмати еяётган нонини оқлаши керак.

“Иккинчидан эса терроризм деган олабўжини ҳокимият кўпинча бир томондан аҳоли асабини таранг ушлаб туриш учун, иккинчи томондан ўзининг баъзи ҳаракатларини оқлаш учун ишлатиб туради”, - дейди Валерий Улеев.

Жалолободликларнинг фикрлари ўзбекистонлик бир фуқаронинг террорчиликда айбланиб Қирғизистонда ушлангани тўғрисидаги хабарни шубҳа остига олиш учун берилаётгани йўқ, албатта.

Гап ҳокимият билан халқ тобора икки тилда сўзлашаётгани, ўзаро ишонч камайиб бораётгани тўғрисидадир.

“Озодлик”нинг Жалолободдаги мухбири Ирисбой Абдураимовнинг маҳаллий милиция маълумотларига таяниб маълум қилишича, жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда диний экстремизм билан боғлиқ 14 та жиноят иши қўзғатилган, диний экстремистик мазмундаги 1365 та варақа, 149 та аудио ва видео кассета, ўнлаб китоб ва журналлар мусодара қилинган.
XS
SM
MD
LG