Линклар

logo-print

Гуантанамонинг икки маҳбусига қўйилган айблов бекор қилинди

  • Ҳасанжон

АҚШнинг Кубада жойлашган Гуантанамо қамоқхонаси ҳарбий трибунали судьяси террорчиликка алоқадорликда гумонланиб қамоқда сақланаётган икки маҳбусга қўйилган айбловни бекор қилди.

АҚШ армияси полковниги, ҳарбий трибунал судьяси Петр Браунбэкнинг айтишича, АҚШ Конгресси томонидан ўтган йилда жорий этилган судлов тизими доирасида бу ишни кўриб бўлмайди. Чунки ҳарбий комиссия маҳбусларни “ноқонуний жангарилар”, деб аташ ўрнига уларни “душман жангарилари”, дея тоифалаган.

2006 йилги Ҳарбий комиссия актига мувофиқ трибунал фақат “ноқонуний жангарилар” ишини кўриш ҳуқуқига эга. Судланган маҳбуслардан бири Афғонистонда асир олинган канадалик 20 ёшли Умар Хадр. У 15 ёшида граната билан америкалик аскарни ўлдирганликда айбланган.

Судда яманлик Салим Аҳмад Ҳамданга қўйилган айблов ҳам бекор қилинди. У “Ал-Қоида” раҳбари Усама бин Лодиннинг ҳайдовчиси ва қўриқчиси бўлганликда айбланган.

Умар Хадр ва Салим Аҳмад Ҳамданга қўйилган айблов бекор қилинганига қарамай, улар террорчиликда алоқадорликда гумон қилинган шахслар сифатида Гуантанамо қамоқхонасида қолмоқда.

Қирғизистонга сафар қилаётган АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс уларнинг иши бошқа маҳбусларникига ҳам таъсир қилиши мумкинлиги тўғрисида гапиришга вақт ҳали эрта эканини айтди.

“Мен бу ҳақда беш дақиқа олдин эшитдим. Суд ҳукмининг тафсилотини билмайман. Агар шундай бўлса, биз юридик жараённи, бу ишни қайта кўришимиз ва унинг таъсири қандай бўлишини ўрганишимиз керак бўлади”, - деди АҚШ мудофаа вазири.

Америка фуқаролар эркинлиги иттифоқи адвокати Жамил Жаффор Хадрнинг ишини кузатиб бормоқда.

Унинг сўзларига кўра, судьянинг қарори АҚШ ҳукуматининг Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган 380 маҳбусни ҳарбий трибуналда жавобгарликка тортиш йўлидаги уринишига путур етказган.

“Судья трибунал Умар Хадрни судлаш ҳуқуқига эга эмаслиги ҳақида қарор чиқарди. Суд чиқарган бу қарор оқибати узоққа боради ва у фақат Хадрнинг иши эмас, балки ҳозир судланаётган ва судланиши кутилаётган бошқа маҳбуслар ишига ҳам таъсир этади”, - деди адвокат.

Хадрнинг бош адвокати, АҚШ денгиз флоти полковниги Дуайт Салливан фикрича, суд қарори 2006 йилдаги қонунга мувофиқ тузилган АҚШ ҳарбий комиссияси жиддий муаммоларга дуч келганидан далолат беради.

“Бу комиссия тизими ўз ишини давом эттира олмаслигини кўрсатади. Бу яна бир марта ҳарбий комиссия жараёнида камчиликлар борлигини кўрсатади. Бу ҳарбий комиссия тизими муваффақиятсизликка учраганини яна бир марта намоён қилди. Бу яна бир тизим ташкил этиб, уни адолат, дея олмаслигимизни яна бир марта кўрсатди”, - деди Д.Салливан.
XS
SM
MD
LG