Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:58

Қирғиз ишчилари рус хўжайинлардан норози


Қирғизистон жанубидаги Мойлисув электр лампа заводи ишчилари бир неча кундан бери иш ташламоқда. Улар завод Россиянинг “Вавс” ширкатидан тортиб олиниб, қирғиз ҳукуматига қайтарилишини талаб қиляпти.

Лампа заводи Қирғизистондаги йирик саноат корхоналаридан бири бўлиб, унда тўрт минг одам меҳнат қилади. Бир неча кундан бери давом этаётган иш ташлашда заводнинг уч юздан ортиқ ишчиси иштирок этаётир.

Уларнинг айтишича, заводни сотиб олган россиялик ишбилармонлар Қирғизистон ҳукумати қўйган талабларни ва ўз мажбуриятларини бажармаяпти.

“Заводни сотиб олган жаноб Столбовский корхонага 18 миллион долларлик сармоя ётқизиш мажбуриятини олган. Аммо бу сармоялар шу кунгача жалб қилингани йўқ. Боз устига, Столбовский қозоқ банкларининг биридан 9 миллион доллар қарз олиб, заводни гаровга қўйган. Биз тўрт минг одамни иш билан таъминлаётган завод келажагидан ташвишдамиз”, - деди иш ташлаш раҳбарларидан бири Умурбек Сотиболдиев.

Акция иштирокчиларининг таъкидлашича, корхона маъмурияти ишчиларнинг иш ҳақини ҳам ўз вақтида бермаяпти. Шу кунгача ишчиларга февраль ойи учун маош берилмаган.

“Ойликнинг ўз вақтида берилмаслиги энг катта муаммолардан биридир. Биз икки кундан бери ишга чиққанмиз йўқ. Шунга қарамай, завод маъмурияти иш ҳақимизни бериш тўғрисида бош қотиргани ҳам йўқ”, - деди ишчи Ойгул Эшиева.

Иш ташлаш иштирокчиси Робия Қундубоева эса ишчилар ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилинмаётганидан норози.

“Менга шифокорлар уч юз сомлик дори-дармон ёзиб берди. Пулим йўқлиги учун ҳеч бўлмаганда февраль ойидаги маошимни беришларини илтимос қилдим. Аммо раҳбарлар мени идорадан ҳайдаб чиқарди”, - деди Ойгул Қундубоева.

Икки кунлик иш ташлашдан сўнг корхона раҳбарияти вакили Александр Яковенко ишчиларни ишга чиқишга ундаб, ойлик иш ҳақидан қарзлар бир неча кун давомида узилишини маълум қилди.

“Февраль ойи учун қарзлар график бўйича бугундан тўлана бошланади. Ҳозир завод ишчиларининг 30 фоизидан қарздормиз. Тез орада баҳор ойлари учун ҳам иш ҳақини тўлай бошлаймиз”, - деди Александр Яковенко.

Бироқ иш ташлаш иштирокчилари Қирғизистон бош вазири Олмос Отамбоев Мойлисувга келмагунига қадар норозилик акцияси давом этишини айтмоқда.

Улар фикрича, заводни сотиб олган россиялик ишбилармонлар корхонани ривожлантиришдан манфаатдор эмаслигини яққол намойиш этмоқда. Шунинг учун улар завод мулкини гаровга қўйиб, турли банклардан миллионлаб доллар миқдорида қарз олаётир.

“Олмосбек Отамбоев бу ерга келиб муаммони ҳал этиб берсин. Россиянинг “Вавс” ширкати кучимиздан фойдаланмоқда, заводни талон-тарож қилмоқда. Мана шу каби бемаъниликлар тўхтатилишини талаб қиламиз. Акс ҳолда завод Қирғизистон ҳукумати ихтиёрига қайтарилгунича курашни давом эттираверамиз”, - деди акция ташкилотчиларидан У.Сотиболдиев.
XS
SM
MD
LG