Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:17

18га кирмаган ким бор, муҳаббат деб куймаган ким бор


Бу ҳикоя бир ўзбекистонлик қизнинг муҳаббати ҳақида. Аммо у муҳаббат достони эмас, афсуски, муҳаббатнинг аламли хотимаси ҳақдадир. Бу ҳикояни тинглаб, “ҳар жойда бор тошу тарозу” маталини эслашга ошиқманг.

Дунёда иккита жозибали юрт бўлса, биттаси Ҳиндистон. Битта бўлса, у ҳам ҳиндлар юртидир. Ҳиндистонга орзиқиш ўзбекка ўз юртини қўйиб Ҳинд сори юзланғон Заҳириддин Бобурдан мерос.

Ҳинд киноларидаги гулмаржон таққан келин-куёвларни кўриб ўзбекнинг қайси қизи оҳ урмаган дейсиз.

26га кирган Наргиза Пўлатова хонасидаги токчаларни ҳинд киноюлдузлари суратлари билан тўлдирган қишлоқи ўзбек қизларига ўхшамайди. Она тилидан ташқари яна 5 та тилда гаплаша олади. Нима яхшию нима ёмон, нима фойдаю нима зиён эканини жуда яхши биладиган янги замон қизларидан.

У ўз ҳуқуқлариниям ҳимоя қилишни яхши билади. 5 июнь куни Наргиза Ҳиндистоннинг Панжоб вилояти, Наваншаҳр шаҳри маъмуриятига арз қилиб борди.

Наваншаҳрлик журналист Вериндер Сарииннинг айтишича, Наргиза 2002 йили наваншаҳрлик Нарминдер Кумарга турмушга чиққан. Н.Кумар хизмат юзасидан Ўзбекистонга сафар қилиб турган тадбиркор бўлган. Наргизага уйланганидан буён икки фарзандли бўлган. Нарминдер билан Наргизанинг 5 ёшли ва 2 га кирган қизлари бор.

Кунлардан бир кун Нарминдер Наргизани Ҳиндистонга олиб кетишини айтади ва Наргиза эрининг айтганини қилиб, Ўзбекистондаги бор бисотини сотади-да, Ҳиндистонга йўл олади. Етиб боргач эса белига боғлаб борган пулига уй, иккита машина сотиб олади. Бу юртда уй билан машина арзонми ёки Наргизанинг пули шу қадар кўпмиди, буни билиш муҳиммас.

Шундан сўнг ҳиндистонлик эр ўзбекистонлик хотинини уришни, камситишни одат қилади. Боз устига, Нарминдернинг хотини ҳам борлиги маълум бўлиб қолади.

Бугун эса Наргизанинг ҳеч қандай ҳужжати йўқ. Ҳужжатларини эри олиб қўйган. Наргиза Ўзбекистонга қайтмоқчи. Ҳиндистонлик журналист сўзларига кўра, ҳозир Наргизанинг муаммоси билан Наваншаҳр ҳокими ўринбосари шахсан шуғулланмоқда.

Бу оилавий можаро тафсилотларини “Панжоб ньюслайн” сайти ҳам ёритди. Бу сайт журналистлари 6 июнь куни Наргизанинг телефонларини топиб беришга уринди, лекин самара бўлмади.

“Озодлик” мухбирининг Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси билан боғланишга уринишларидан ҳам иш чиқмади. Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари эса на Наргизани ва на ўз фуқароси Нарминдерни билар экан.

“Бундай масалалар билан шуғулланмаймиз”, - деди Ҳиндистон элчихонаси вакили.

Кейинги йилларда ўзбек қизларининг чет элликка турмушга чиққани тўғрисида тез-тез эшитиб тургандирсиз.

Ўзбекистонлик бир аёл ҳам яқинда ўз набирасини покистонликка берди. Тўйнинг гапи тугамайди. Лекин аёл куёвидан рози.

Ҳиндистон, Покистон... Харитага қарасангиз, қўл узатса етадиган ерлар. Яқинлигидан бир пайтлар Бобурнинг қиличиям, қаламиям, қадамиям етган ерлар.

Лекин ўзбекнинг қизи қорамағиз йигитни танлар экан, яна бир бор қалбига қулоқ солиб қўйса, ёмон бўлмасди. Муҳаббат борми унда?! Зеро, ўзга юртда бахтли бўлишнинг биргина омили уй эмас, иккиталаб машина эмас, муҳаббатдир.

Ёки ҳинд киносининг бош мавзуси муҳаббат экани ёдингиздан чиқдими?
XS
SM
MD
LG