Линклар

Германиянинг Хайлигендамм курортида “катта саккизлик” давлатлари раҳбарлари саммити давом этмоқда.


АҚШ президенти Жорж Буш саммит доирасида Россия президенти Владимир Путин билан учрашди.

Хабарларга кўра, В.Путин Ж.Бушга икки давлат ўртасида юзага келган вазият ечими сифатида Озарбойжондаги ракета ҳужумига қарши радар базасидан биргаликда фойдаланишни таклиф этган.

АҚШ раҳбари эса томонлар дипломатлар ва ҳарбий мутахассислар иштирокида “стратегик мазмундаги мулоқот” ўтказишга келишиб олганини маълум қилди.

Бироз аввал Ж.Буш Вашингтоннинг Марказий Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизими элементларини жойлаштириш режаси борасида Москва билдираётган хавотирларни камайтиришга умид билдирган эди.

“Мен совуқ уруш якунланганига ишонаман ва Россия АҚШнинг душмани эмас. Россия ва россияликлар буни тушунишини муҳим ҳисоблайман. Биз кўпгина соҳаларда, масалан, Эрон масаласида ёки ядровий қуролдан холи ҳудуд яратиш каби соҳаларда ҳамкорлик қилишимиз мумкин”, - деди АҚШ президенти.

“Катта саккизлик” саммитига қарши норозилик намойишлари ҳам давом этмоқда. 7 июнь куни Германия полицияси намойишнинг ўнлаб иштирокчисини ҳибсга олди.

Шунингдек, Германия канцлери Ангела Меркел “катта саккизлик” саммити иштирокчилари атмосферада иссиқхона эффектини пасайтириш борасида бир фикрга келганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG