Линклар

logo-print

Қозоғистон МОда ҳақиқий етакчи давлатга айландими?

  • Абдулла Искандар

Қозоғистон президенти ҳузуридаги Ахборот ва таҳлил маркази раҳбари Асқар Шоманов Олмаотада ўтказилган матбуот анжуманида ўз мамлакати Марказий Осиё ташқи сиëсатида етакчилик қилаëтганини таъкидлади.

Унинг айтишича, Қозоғистон МОда хавфсизлик, барқарорлик соҳасида ва сиëсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда пешқадам бўлиб қолмоқда.

А.Шоманов Қозоғистон МОнинг локомотиви ва минтақадаги интеграция жараёнлари хамиртуруши эканини билдирди.

Қозоғистонлик мустақил таҳлилчи Андрей Чеботарёв А.Шомановнинг бу сўзлари релаликдан узоқ эканини айтади.

“Қозоғистон ҳали минтақада етакчи бўла олмади. Қозоғистоннинг МОда лидерлиги хусусидаги иддаони Остонадаги амалдорлардан бошқа ҳеч ким тан олмаяпти”, - дейди А.Чеботарёв.

Қозоғистонлик таҳлилчи Дўсим Сатпаев ҳам бу фикрга қўшилади.

“Асқар Шомановнинг гапларини жиддий таҳлил меваси, дея олмаймиз. Унинг Қозоғистон МО етакчиси экани ҳақидаги фикрига ҳукумат мафкураси тарғиботи сифатида қараш лозим”, - деди Д.Сатпаев.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Фарҳод Толипов эса Қозоғистон МОда етакчи бўлиш учун дастлабки нишоналар кўрсатаётганини таъкидлади.

“Қозоғистон бугун МОда сиëсий, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларини муваффақиятли амалга ошириб, минтақавий лидер давлатга айланди”, - деди Ф.Толипов.

Д.Сатпаев сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Туркманистонга солиштирганда Қозоғистон демократик ислоҳотлар борасида илғор бўлиб кўриниши мумкин, аммо муқояса объекти ўзгартирилса, Қозоғистонни ҳатто демократик давлат, дейишга ҳам тил бормайди.

“Қозоғистон жамоатчилиги сиëсий бошқарувга таъсир этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Мухолифат қарашлари ва эркин сўз билан боғлиқ муаммолар талайгина”, - деди Д.Д.Сатпаев ва айни пайтда Қозоғистоннинг МОда иқтисодий жиҳатдан етакчи давлат эканини эътироф этди.

Ф.Толипов эса бу иқтисодий муваффақиятни Қозоғистон мўъжизаси, деб атади.

Таҳлилчилар фикрича, Қозоғистон иқтисодини МОда етакчи ўринга олиб чиққан омил нефтнинг жаҳон бозоридаги юқори баҳосидир. Агар нефть нархи тушиб кетса, Қозоғистон иқтисоди дами чиққан пуфакдай бўлиб қолади.

Аммо Д.Сатпаев жаҳон бозорида нефть баҳоси тушиб кетиши Қозоғистон иқтисодиётига жиддий таъсир этишига ишонмайди.

“Бозорда нефт нархи тушган тақдирда дастлабки уч йил учун 13 миллиард долларлик миллий захира мавжуд. Нефтдан келадиган тушум йўққа чиқса ҳам уч йил давомида қозоқ иқтисоди барқарор туради. Иккинчидан, ўтган йилнинг июнидан бошлаб Қозоғистон бюджетини нефть тушумлари эмас, балки ички солиқлар шакллантира бошлади. Бюджет нефть нархига қараб қолмаслиги учун кўрилган чоралар мева берди”, - деди Д.Сатпаев.

Қозоғистон иқтисодининг ярқираши қўшни Ўзбекистон режими кўзини қамаштираëтгандай таасурот қолмоқда. Ҳар ҳолда Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида Қозоғистоннинг минтақавий бирлашув ғоясига жавобан ëзилган мақолалардан шундай хулоса чиқариш мумкин.

“Ҳасад қилиш ўрнига ҳамкорлик қилишса бўлмайдими?! Қозоғистон ташаббусини қуруқ танқид қилмасдан аниқ таклифларни илгари суриш керак. Айни пайтда МОда етакчи давлат экани айтилаëтган Қозоғистон зиммасида масъулият ҳам бор. Бу масъулият эса ғоялардан амалий ишларга ўтишни англатади”, - дейди таҳлилчи Ф.Толипов.
XS
SM
MD
LG