Линклар

“Ипак йўли”даги қонуний қароқчилар


Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги “Ипак йўли” чегара назорати постидан ўтиб-қайтиш муаммолари ҳар икки мамлакат фуқаролари томонидан кескин танқид қилинмоқда.

Ёз келганидан сўнг постдаги кескинлик янада авжида чиқади. Чунки чегарадан ўтиб-қайтувчилар сони кўпаяди. Соатлаб навбатда турган одамларнинг бақир-чақирлари, чегарачиларнинг беҳурмат муносабати “Ипак йўли”да одатий ҳолга айланган.

Чегарадан ўтиш учун навбат кутиб толиққан ўзек аёли “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу постдан пора бермай ўтиш жуда мушкуллигини айтади.

“Кўриб турибсиз-ку аҳволни. Пулсиз ҳеч ҳам ўта олмайсиз бу ердан. Ками деганда 2 минг сўм. Ҳатто одам бошига 5 минг сўм берасиз, кейин муҳр уриб чиқариб беради ҳужжатингизни”, - дейди аёл.

Унинг сўзларига кўра, бу ердан ўтиб-қайтадиганлардан қозоқ чегарачилари ҳам, ўзбек ҳарбийлари ҳам пул олади.

Чегарачилар одамларга қарата сўкинганда ҳам улар жим тураверади.

“Нима қила оламиз? Ўтиш керак. Ўзимиз тинчгина ўтиб олишимиз учун индамай тураверамиз”, - дейди суҳбатдош.

Чегарадан ўтиш қозоғистонлик фуқаролар учун ҳам азоб

“Ўзбекистонга меҳмонга ҳам бора олмайсиз, кела олмайсиз ҳам. Шунча туғишганларимиз бор. У ёққа ўтиш ҳам, бу ёққа қайтиб келиш ҳам қийин. Бугун ҳам мана 2,5 соатда ўтдик. Болалар сиқилиб қолади тиқилинчда. Ҳатто боламни йўқотиб қўйиб, кейин топиб олдим”, - дейди қозоғистонлик эркак.

Қозоғистонлик ўзбек киши, айниқса, чегарада ўзбекистонликларни ҳеч ким бир тийинга олмаслигини айтади.

“Ўзбек бўлганинг учун баъзан номусланасан. Улар бу ердан ит азобида ўтади. Уларни қаттиқ хўрлашади. Бу ердан Каримовнинг ўзини ҳам олиб ўтиш керак”, - дейди суҳбатдош.

Чегаранинг Қозоғистон томонидаги автовокзалда ўндан ортиқ автобус туради. Уларнинг асосий қисми Олмаота ва Қизилўрдага жўнаб кетади. Автобус йўловчиларининг асосий қисми ҳам ўзбекистонликлар бўлиб чиқди. Ўзбек-қозоқ чегарасидан ўтиш катта машаққат эканига қарамай, Қозоғистонга йўл олаётган Ўзбекистон фуқаролари сони камаяётгани йўқ. Суҳбат асносида уларнинг деярли барчаси тирикчилик учун йўлга чиққани маълум бўлди.

“Қизилўрдага ишга кетяпман, Ўзбекистонда аҳвол оғир, иш йўқ”, - дейди хоразмлик йигит.

Тирикчилик мақсадида Қозоғистонга йўл олган ўзбекистонликлар орасида 7 ёшдан 70 ёшгача бўлганлар учрайди. 11 набиранинг бувиси бўлган қўқонлик аёл ҳам меҳмондорчиликка эмас, ишга кетаётгани аён бўлди.

“Қизилўрдага кетяпман. У ерда кийим-кечак билан савдо қиламан. Қўқонда иш йўқ. Биз пенсионер одам. Боғчада 22 йил ошпаз бўлиб ишлаб, оладиган 27 минг сўм пенсиям ҳеч нарсага етмайди. 12-13 йилдан бери куёвим ва қизим билан тирикчилик қилиб юрибман”, - деди қўқонлик онахон.

“Ипак йўли” чегара пости раҳбарияти бу ердаги таъмагирликлар, чегарачиларнинг одамларга қўпол муомаласи ҳақидаги саволларга, бу ердаги вазиятга изоҳ беришдан бош тортди.
XS
SM
MD
LG