Линклар

Россияда миллатчилик тобора кучаймоқда

  • Сарвар Усмон

6 июнь куни “Human Rights First” халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Россияда мигрант ишчилар миллатчи гуруҳлар қурбонига айланаётгани тўғрисидаги ҳисоботи эълон қилинди.

Ҳисоботда айтилишича, Россияда кавказлик ва марказий осиёликларга нисбатан зўравонлик йил сайин кучаймоқда.

Мана ҳисоботдан олинган бир-икки рақам:

жорий йилнинг 5 ойи мобайнида Россия бўйлаб миллий нафрат асосида рус бўлмаганларга 120 марта ҳужум қилинди, 31 киши ўлдирилди.

Эътибор беринг: 2004 йилнинг биринчи ярмида 7 киши, 2005 йилнинг дастлабки 6 ойида 10 киши, 2006 йилнинг июлигача 17 киши ўлдирилган эди.

“Human Rights First” ҳисоботига кўра, асосан, Озарбойжон, Ўзбекистон, Арманистон ҳамда Африка давлатлари фуқаролари рус миллатчилари қурбони бўлмоқда.

Москвадаги “Миграция ва ҳуқуқ маркази” ходимаси, ҳуқуқшунос Манзура Каримова сўзларига кўра, ўзбекистонлик ва тожикистонлик мигрант ишчилар марказга ойига 100 мартагача қўнғироқ қилиб, калтаклангани, камситилгани тўғрисида арз қилади. Марказий осиёликни нафақат миллатчи унсурлар, балки милиция ходимлари ҳам калтаклайверади.

Хўш, нима учун Россияда рус миллатчилари, хусусан, миллатчи милиционерлар жазодан қўрқмайди?

Москвалик эксперт Галина Кожевникова фикрича, муаммо илдизини Кремль юргизаётган сиёсатдан изламоқ керак.

“Ўтган йилнинг кузида давлат грузинларга нисбатан очиқдан-очиқ дискриминациявий чоралар кўрди. Кондопога шаҳрида юз берган миллатлараро можародан сўнг кўрилган чоралар, хусусан, бозорларда рус бўлмаганларга савдо қилиш тақиқлаб қўйилгани аслида миллий камситиш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани белгисидир. Бундай сиёсат эса радикал миллатчиларни қонунийлаштириб қўймоқда, - деди Галина Кожевникова.

Арманистонлик Эдуард Сардаряннинг эндигина 19га кирган ўғлини ўтган йили Москвада электр поездда рус миллатчилари ўлдириб кетган эди. Йигитча беш жойидан пичоқланган.

1 июнь куни қотил устидан суд якунига етди. Суд қотилни оқлаб юборди...
XS
SM
MD
LG