Линклар

logo-print

Ўзбекистонлик контрабандачилар юртига депортация қилинди


7 июнь куни Ўзбекистоннинг контрабанда билан шуғулланган 74 фуқароси Қозоғистондан депортация қилинди. Айни пайтда айни шу жиноят учун ушланган 36 ўзбек фуқароси ҳибсда сақланмоқда.

Ўзбекистонликлар 40 та “Камаз” автомобилида 400 тоннага яқин мева ва сабзавот маҳсулотларини Сирдарё вилоятидан Жанубий Қозоғистоннинг Мақтаорол туманига контрабанда йўли билан олиб ўтаётган пайтда қўлга олинган.

Қозоғистон Чегара хизматининг Мақтаорол тумани бўлими ходими Рисали Ниёзалиевнинг айтишича, чегарадан айланма йўллар орқали ўтаётган машиналар карвонида 23 миллион танга, яъни 200 минг долларлик маҳсулот бўлган.

Р.Ниёзалив 74 нафар контрабандачи Мақтаорол тумани суди қарори асосида депортация қилинганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, контрабандачиларнинг барча юки мусодара қилинган ва Жанубий Қозоғистондаги болалар уйларига тарқатилган. Қўлга олинган қирқта юк машинаси эса эгаларига қайтариб берилган.

Маълум бўлишича, куни-кеча Қопқоқ чегара постида Ўзбекистоннинг яна 20 фуқароси сабзавот маҳсулотларини контрабанда йўли билан Қозоғистонга олиб ўтаётганида ушланган.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистондан Қозоғистонга, асосан, мева ва сабзавот, печенье, ёғ каби озиқ-овқат маҳсулотлари контрабанда қилинади. Қозоғистондан Ўзбекистонга эса кўпинча саноат маҳсулотлари олиб ўтилади.

Куни-кеча ўзбек-қозоқ чегарасидан қурилиш маҳсулотларини, яъни 30 тонна бетонни контрабанда йўли билан Ўзбекистонга олиб ўтаётган бир гуруҳ одам қўлга олинди. Уларнинг аксарияти Қозоғистон фуқаролари бўлиб, ўзбекистонликлар билан ҳамкорликда фаолият юритган.

Сўнгги уч ҳафта давомида ўзбек-қозоқ чегарасида жами икки юздан зиёд автомобиль контрабанда юклари билан қўлга олинди. Қозоғистон Чегара хизматининг “Жанубий” ҳудудий бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Роман Қурманбоев бу автомобилларнинг деярли барчаси Ўзбекистонга қарашли эканини билдирди.

Унинг таъкидлашича, сўнгги йилда ўзбек-қозоқ чегарасидан контрабанда товарлари олиб ўтиш ҳолатлари беш баробар кўпайган. Жорий йил бошидан буён чегарада контрабанда билан боғлиқ олтмишга яқин ҳолат аниқланган.
XS
SM
MD
LG