Линклар

Янги лойиҳа меҳнат муҳожирлари мушкулини осонлаштиради


Европа Иттифоқи Марказий Осиёда меҳнат миграцияси муаммоларини бартараф этишга қаратилган лойиҳага 1,9 миллион евро маблағ ажратишини маълум қилди.

Мазкур лойиҳа ижрочиси Халқаро миграция ташкилотининг Олмаотадаги бюросидир.

Бюро раҳбари Екатерина Бадикова лойиҳа ҳақида гапирар экан: “Мазкур лойиҳа доирасида биз иштирокчи мамлакатлар ҳукуматлари билан меҳнат миграцияси борасида маълумотлар алмашиш механизмини яхшилашни йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Марказий Осиё ҳудудидаги меҳнат муҳожирлари ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумотлар йиғиш ҳам шу лойиҳага киради. Ташкилотимиз иштирокчи давлатлар билан биргаликда меҳнат миграцияси стратегиясини ишлаб чиқмоқда. Ҳозир меҳнат миграцияси соҳасида камчиликлар жуда кўп. Шу сабабли янги лойиҳа доирасида меҳнат миграцияси бўйича тадқиқотлар ўтказилади”, - деди.

Мазкур лойиҳага Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматларини жалб этиш кўзда тутилган.

“Лойиҳа доирасида биз хорижга иш излаб келган муҳожирларга тўғридан-тўғри ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни кўзламоқдамиз. Масалан, Қозоғистонга иш излаб келган мигрант ишга жойлашиш масаласида юридик маслаҳатга муҳтож бўлса, ташкилотимизга мурожаат қилиши мумкин бўлади. Биз унга бепул хизмат кўрсатамиз. Ҳуқуқий масалада қийинчилик сезаётган муҳожирларга кўмак кўрсатиш лойиҳанинг бажарилиши шарт бўлган қисмларидан биридир”, - дейди Е.Бадикова.

Унинг сўзларига кўра, яқин келажакда Марказий Осиё ва Россия ҳудудига ўтаётган мигрантларга 5 тилда чоп этилган ахборотномалар берилади. Ўзбек, тожик, қозоқ, рус, қирғизча билан биргаликда қорақалпоқ тилида ҳам ахборотномалар чоп этиш режалаштирилган. Чунки меҳнат муҳожирлари орасида қорақалпоқлар ҳам жуда кўп.

“Хорижда ёрдамга муҳтож бўлганлар орасида ўзбекистонликлар кўпчиликни ташкил этади. Улар кўпинча қулликка тушиб қолади, ишлаб топган пулини ўз вақтида ёки умуман ололмаётганлар кўп учрайди. Биз мазкур лойиҳа дорасида уларга ҳуқуқий кўмак кўрсатишга тайёрмиз”, -деди Е.Бадикова.
XS
SM
MD
LG