Линклар

Бишкекдаги музокаралар Ричард Баучер учун осон кечмайди


Бишкекка келган АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Ричард Баучер 11 июнга қадар бу ерда Қирғизистон раҳбарияти, парламент депутатлари, айрим сиёсатчилар билан музокаралар ўтказади.

Бундан бир неча кун олдин Бишкекка АҚШ мудофаа вазири ҳам келиб кетганди. Вашингтон расмийларининг Қирғизистонга серташриф бўлиб қолганини кузатувчилар бу ерда аксиламерика кайфияти кучайиб кетаётгани билан изоҳламоқда.

Р.Баучернинг Бишкекка ташрифи ҳам аксиламерика кайфиятидаги сиёсий кучлар томонидан ўтказилган намойишга тўғри келди. АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси биноси олдида ўтказилган бу намойиш иштирокчилари мамлакатдан АҚШ ҳарбий базасининг олиб чиқиб кетилишини талаб қилди. Айни пайтда намойиш иштирокчилари Россия билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш талабларини ўртага ташлади.

“Айрим одамлар Қантдаги Россия базаси ҳам мамлакатдан чиқарилиши керак, деган таклифларни айтмоқда. Аммо Россияда миллионга яқин қирғиз меҳнат қилмоқда. Россия билан ҳамкорлик бизга АҚШга қараганда кўпроқ фойда келтиряпти”, - деди намойиш ташкилотчиларидан бири, таниқли сиёсатчи Клара Ажибекова.

Сўнгги бир ой ичида Қирғизистонда аксиламерика кайфиятлари кучайган. Бундай кайфиятдаги сиёсий кучлар бирлашиб, ўз ҳаракатига ҳам асос солган.

Кузатувчилар фикрича, Р.Баучернинг Бишкек ташрифи тўрт кунга режалаштирилгани ва бу ташриф АҚШ мудофаа вазирининг Бишкек сафаридан бир ҳафта ўтиб уюштирилгани ҳам бежиз эмас.

“Қирғизистон бир авиабазани АҚШга бериб, халқаро террорчиликка қарши курашга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Буни унутиш керак эмас. Аммо демократик жамиятда турли фикрлар бўлиши табиийдир. Бугунги кунда Қирғизистонда аксиламерика кайфиятларининг кучайиб бораётганини ҳам унутмаслигимиз керак. Улар ҳам катта сиёсий кучдир. Р.Баучер тўрт кун давомида нафақат расмийлар, балки аксиламерика кайфиятидаги сиёсатчилар билан ҳам мулоқот қилади”, - деди сиёсатшунос Зайниддин Қурманов.

Қирғизистонда АҚШ билан ҳамкорлик расмий Бишкек ташқи сиёсатининг асосий йўналиши бўлиши лозимлигини таъкидловчи сиёсий кучлар ҳам мавжуд.

“Эркинлик” партияси раҳбари Тўпчибек Турғуналиев сўзларига кўра, Қирғизистон шу кунгача АҚШ билан, асосан, сиёсий, ҳарбий ва ижтимоий соҳаларда ҳамкорлик қилиб келди. Россия билан ҳамкорлик эса кўпроқ иқтисодий асосда бўлди. Бугунги кунда Қирғизистондаги аксиламерика кайфиятларини сусайтириш учун Р.Баучер Қирғизистон раҳбарияти билан музокараларни иқтисодий асосга кўчириши лозим.

“АҚШ билан Қирғизистон иқтисодини олға жилдирувчи ҳамкорлик даври етиб келди. Сиёсий ҳамкорликдан иқтисодий ҳамкорликка ўтиш бугунги кун талабидир. АҚШ тарафи аксиламерика кайфиятларини сусайтириш учун, албатта, иқтисодий лойиҳаларни таклиф этиши лозим. Ўйлайманки, Р.Баучернинг тўрт кунлик ташрифи давомида бу масала кўтарилади”, - деди Т.Турғуналиев.
XS
SM
MD
LG