Линклар

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Халқаро иқтисодий форум очилди.

  • Ҳасанжон

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида анъанавий 11-халқаро иқтисодий форум очилди. Анжуманда дунё давлатларидан келган олти мингга яқин сиёсатчи ва йирик тадбиркорлар иштирок этмоқда. Россия президенти Владимир Путиннинг 100га яқин хориж ширкатлари раҳбарлари билан анжумандан ташқари учрашиши режаланган. Халқаро иқтисодий форум билан бир пайтда Санкт-Петербургда МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий йиғилиши ҳам бўлиб ўтмоқда. Айни пайтда мухолифатчилар ва уларнинг тарафдорлари Санкт-Петербургда “Норозилар юриши”ни ўтказишни режалаган.

Санкт-Петербург шаҳридаги Халқаро иқтисодий форум Россия Бош вазирининг биринчи ўринбосари Сергей Иванов ҳамда советча иқтисодиётни бозор иқтисодиётига йўналтиришда муҳим рол ўйнаган Егор Гайдарнинг чиқиши билан бошланди. Энергетика соҳасида Россия билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган Германия собиқ канцлери Герхард Шрёдер ҳам форумда нутқ сўзлади.

Форум ишини кузатиб бораётган Озод Европа Озодлик радиоси мухбири Данила Галперовичга кўра, йиғилишда сўзга чиққанлар Россиянинг иқтисодий шаффофлиги ва мамлакатда либерал инвестиция муҳити яратилганини ҳақида гапирган:

“Айниқса, Ивановнинг нутқи қизиқ бўлди. Чунки у Путиннинг беш йил олдин сўзлаган нутқига ўхшайди. Ўшанда Путин иқтисодиёт очиқ бўлиши кераклиги, Россиядаги коррупция муаммоси, чегарасиз иқтисодиёт, давлат ҳокимиятининг шаффофлиги тўғрисида сўзлаган эди. Буларнинг бари асосий залда ўтирган сармоядорлар ва тадбиркорларга қаратилганига асло шубҳа йўқ” – дейди Данила Галперович.

Россия раҳбарларининг форумдаги чиқиши чет эллик сармоядорлар, айниқса, энергетика соҳасидаги тадбиркорларни қанчалар ишонтира олганини вақт кўрсатади албатта. Аммо 8 июнь куни Япониянинг автомобил ишлаб чиқарувчи “Suzuki Motor” ширкати 2009 йил охиригача Санкт-Петербург шаҳрида қиймати 116 миллион доллар бўлган завод қуришни режалаётганини эълон қилди. Япониянинг “Toyota” заводи билан ёнма-ён қурилиши мўлжалланган янги завод йилига 30 мингта автомобил ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Унда 500 нафар ишчи ишлаши режаланган.

Халқаро иқтисодий форум давом этаётган бир пайтда мухолифатдаги “Другая Россия” гуруҳи аъзолари ва тарафдорлари норозилик юриши ўтказишни режалаган. Мухолифат раҳбарларидан бири Гарри Каспаров тадбир давомида милиция ходимлари ёки Кремл тарафдори бўлган бошқа ёшлар гуруҳлари томонидан провокация уюштирилиши мумкинлиги ҳақида хавотир билдирган.

Озод Европа Озодлик радиоси мухбири Данила Галперович зўравонликлар юз бериши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини айтади:

“Яқинда жаноб Путин ҳар қандай ғайриқонуний намойишлар бостирилишини айтган. Шу боис тўқнашувлар бўлиши ёки бўлмаслигини ҳеч ким айта олмайди. Агар бу ерда халқаро иқтисодий форум бўлмаганида намойишчиларга нисбатан бағрикенглик бўлмаслиги мумкин эди. Яна ким билади” – дейди Озод Европа Озодлик радиосининг Санкт-Петербург шаҳридаги мухбири Данила Галперович.

Айни пайтда 9 июнь куни Санк-Петербург шаҳрида МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий учрашуви ҳам бўлиб ўтмоқда. Шанба куни кечки пайт Арманистон президенти Роберт Кочарян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ўртасида учрашув ўтказилиши режаланган. Музокара чоғида Тоғли Қорабоғ можароси масаласи муҳокама этилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG