Линклар

Америка Қўшма штатлари Давлат котиби ёрдамчиси Ричард Баучернинг Бишкекка ташрифи давом этмоқда.


АҚШ расмийсининг Қирғизистон сафари тўрт кунга режалаштирилганини маҳаллий кузатувчилар Қирғизистонда аксиламерика кайфиятлари кучайиб бораётгани билан изоҳлаган эдилар. Ричард Баучернинг Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев билан учрашуви пайтида ҳам мана шу масала муҳокама этилди. Бишкекдаги аксиламерика сиёсий кучлари мамлакатдан АҚШ базасининг олиб чиқиб кетишини талаб қилаётган эдилар.

Президент Қурмонбек Бакиев билан учрашуви чоғида АҚШ Давлат Котиби ёрдамчиси Ричард Баучер Қирғизистон Американинг энг яқин стратегик ҳамкори бўлиб қолишини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, Ричард Баучер, аксиламерика кучларининг ҳукуматга босими туфайли Бишкекдаги АҚШ ҳарбий базасини Қирғизистондан чиқариш масаласи кўтарилмаса, расмий Вашингтон бу мамлакатга моддий ёрдамларни кўпайтириши тўғрисида нозик шаъма қилиб ўтди.

“Биз Марказий Осиёда Қирғизистон қандай аҳамиятга эга эканини яхши биламиз ва қадрлаймиз. Бизнинг мақсадимиз сизлардаги эркин муҳитни ривожлантириш, давлатингизга берилаётган имтиёзларни кенгайтириш ва танлов эркинлигини мустаҳкамлашдир”, -деди Ричард Баучер.

АҚШ Давлат Котиби ёрдамчисига кўра, Қўшма Штатлар Қирғизистоннинг ривожланиши учун бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. “Келажакда бу лойиҳаларни кўпайтириш ва кенгайтириш масаласи ҳам кун тартибида турибди”,- деб таъкидлади Баучер.

Айни пайтда Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев АҚШ билан ҳамкорлик мамлакат ҳаётига ижобий таъсир этаётганини, лекин АҚШ ва Қирғизистон ўртасида ҳал қилиниши лозим бўлган бир қатор муаммолар мавжудлигини айтди:

“Мен ҳар иккала тараф манфаатли ҳамкорлик йўлидан бормоқда, деб айта оламан. Шу билан бирга биз муҳокама қилишимиз ва ҳал этишимиз зарур бўлган бир қатор муаммолар мавжудлигидан ҳам кўз юммаслигимиз керак”, -деди президент Қурманбек Бакиев.

Қирғизистон президенти икки давлат ҳамкорлигида қандай муаммолар мавжуд эканини очиқламади. Бироқ, қирғизистонлик сиёсатчилар расмий Вашингтон ва Бишкек ўртасида бугунги кундаги энг муаммоли масала Қирғизистондаги АҚШ ҳарбий базаси бўлаётганини айтмоқдалар. АҚШ ҳарбий базасини Қирғизистондан чиқариш масаласи қирғиз парламентида ҳам муҳокама қилиниб, аксиламерикача кайфиятдаги сиёсий кучлар бу борада бир қатор намойишларни ҳам ўтказган эдилар.

Айни пайтда АҚШ Қирғизистондаги ҳарбий базаси ижараси учун мамлакат бюжетига ҳар йили 17 миллон доллар ҳақ тўламоқда. Шундан келиб чиқиб, айрим сиёсатчилар АҚШ ҳарбий базасининг Қирғизистонда қолиши манфаатли бўлишини айтмоқдалар:

“Қирғизистонда Америка ва Россия ҳарбий базалари мавжуд. Шунинг учун ҳам бу икки давлат бизнинг ҳудудимизда келишиб ҳамкорлик қилишга мажбур. Қирғизистон АҚШ ёки Россияга тарафкашлик қилмасдан, нейтралитетни сақлагани маъқулроқ. Шундай қилинган тақдирда Қирғизистонга кўпроқ манфаат келади”, -деди таниқли сиёсатчи Ўмурбек Абдураҳмонов.
XS
SM
MD
LG