Линклар

logo-print

Ислом Каримов Россия президенти Владимир Путин билан учрашди


Ozodlik Санкт-Петербургда ўтаётган МДҲ давлатлари норасмий саммитида иштирок этаётган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Россия президенти Владимир Путин билан учрашди. Музокара чоғида икки томонлама муносабатлар самарали давом этаётгани ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон билан ўзаро яқин ҳамкорлик ва яқин дўстлик алоқалари давом этишига умид билдирди.

“Бир неча кундан сўнг икки давлат ўртасидаги ҳамкорликка асос бўлган ҳужжат – “Ўзаро стратегик ҳамкорлик тўғрисида”ги шартнома имзоланганига уч йил тўлади. Эҳтимол, қайсидир соҳа нисбатан самарали ривожланиши мумкин, аммо умуман олганда, биз бу ҳужжатнинг амалга тадбиқ этилиши ва Ўзбекистон билан алоқаларимининг ҳозирги ривожидан қониқиш ҳис қиляпмиз. Умид қиламанки, қисқа ва ўрта муддатларда биз яқин ҳамкор, яқин дўст бўлиб қоламиз ҳамда ўзаро алоқаларни ривожлантирамиз”, деди Россия президенти Путин Ислом Каримов билан учрашув чоғида, дея хабар қилмоқда “Итар-Тасс” ахборот агентлиги.

Маълумки, Россия Бош вазири Михаил Фрадковнинг Тошкентга сафари чоғида тилга олинган Ўзбекистоннинг ташқи қарзлари масаласидан сўнг Ўзбекистон томони Россияга яна тўнини тескари кийган ва икки давлат ўртасидаги алоқалар бироз совуқлашгани, Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситалари эса яна Россия номига танқидлар билдирила бошлангани кузатилган эди.

Шу боис, Россия ва Ўзбекистон президентларининг Санкт-Петербургдаги учрашуви ва бу учрашувда президент Путиннинг узоқ муддатли эмас, балки қисқа ва ўрта муддатдаги ҳамкорликда сўз очгани таҳлилчиларнинг эътиборини тортмоқда.

“Аслида президент Путин ва Ўзбекистон президенти Каримов учун 2007 йил жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки, ҳар икки давлатда бирин-кетин президентлик сайлови бўлиб ўтади. Шу боис, президент Путиннинг узоқ муддатли алоқалар ҳақида гапирмагани табиий. Бошқа бир тарафдан бу давлатларда бўладиган президентлик сайловининг қандай ўтиши ва бу раҳбарлар яна давлат тепасида қоладими ёки йўқми — буни ҳам олдиндан башорат қилиб бўлмайди”, дейди ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толибов.

Ўзбекистонлик бошқа бир сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев эса бу борада бошқача фикрда.

“Россия ва Ўзбекистон ўртасида узоқ муддатли алоқалар бўлишига ишониш қийин. Чунки бу давлатларнинг сиёсий мақсадлари ҳар хил. Россия Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилотини ривожлантириш мақсадида. Ўзбекистон эса бу ташкилотга қўшилиш ёки қўшилмаслик, жумладан, ўз чегараларини очиш ёки очмаслик бўйича ҳануз бир қарорга келгани йўқ”.

Бу сиёсатчига кўра, президент Путин Санкт-Петербургдаги учрашув чоғида “қисқа ва ўрта муддатли” ҳамкорлик истиқболларида сўзлай туриб, асли икки давлат ўртасидаги ҳамкорликдан қонисмалигини билдирган.

Аммо бази кузатувчилар Россиянинг Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорликка эришиши учун етарли асос ва имкон бор, деган фикрда. Улар бунга Россияга қарашли “Газпром” ҳамда “Лукойл” ширкатларининг Ўзбекистонда фаоллиги ортгани мисол сифатида келтирадилар.

“Яъни, Россия Ўзбекистонни ўз назоратида ушлаб туриш йўлида иқтисодий ричаг яратишга улгурди. Бу ширкатлар узоқ муддатли ҳамкорлик тўғрисида шартномаларга эга. Аммо, бу ўринда сиёсий зиддият шундаки, ҳозир Россия ҳақиқатда ҳам катта ва жиддий сиёсий ўзгаришлар арафасида турибди. Шу боис, президент Путин маъмурияти ҳозир асосий эътиборни шунга қаратган”, дейди ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Фарҳод Толибов.
XS
SM
MD
LG