Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:09

Жорий йилнинг 1 августигача Ўзбекистон бўйлаб 30 та пахта тозалаш заводи ёпилади.


Бу вазифа Ўзбекистон республикаси Вазирлар маҳкамасининг 3 апрель кунги 70-инчи қарорида белгилаб қўйилган. Ҳукуматнинг "Пахта тозалаш саноати корхоналарини 2007 – 2011 йилларда модернизациялаш ва таъмирлаш дастури"да ёпилиши белгилаб қўйилган заводларнинг ишчилари ўзбекистонлик ишсизлар армияси сафларини тўлдириши мумкин.

Вазирлар маҳкамаси 70-қарорининг 1-иловасида ёпиладиган заводларнинг рўйхати келтирилган. Уларнинг деярли барчасига телефон қилиб кўрдик. 1 августни кутмаёқ ёпиб ташлашганми ёки тозалайдиган пахтаси тугаб битганми, ҳар ҳолда жавоб берадиган одам топилмади.

Давлат дастурига биноан Наманган вилоятида 3 та завод ёпилади. "Наманганпахтасаноат" ҳиссадорлик жамияти раиси ўринбосари заводларни ёпиш жараёни бошланганини тасдиқлаш билан чекланди.

Вазирлар маҳкамаси қарорига биноан бу вилоятдаги Қўғай, Гулбоғ ва Чортоқ пахта заводлари ёпилади.

Учқўрғонлик мана бу фермер ҳар йили пахтасини Қўғай пахта заводига топширар эди. Унинг ҳам завод ёпилаётганидан хабари бор.

Жиззах вилоятида битта, Пахтакордаги иккита пахта заводидан бири ёпилади, дейди жиззахлик фермер Мамиржон ака.

Суҳбатдошимизнинг Жиззахпахтасаноат ширкати мутассаддилари билан бугунги мавзуимиз юзасидан куни кеча гаплашгани маълум бўлиб қолди.

Ҳар бир пахта заводида корхонанинг катта кичиклигига қараб 500 нафар атрофида ишчи хизматчи меҳнат қилади. Маъмиржон ака мутассаддилардан ёпиладиган завод ишчилари қаерга боради, деб сўраган ва мана бу жавобни олган:

”Улар пенсия ёшига етганларни пенсияга чиқарамиз, қолганларини иш билан таъминлаймиз”, дейишди.

Худди шундай гап, яъни ёпиладиган завод ишчиларини бошқа иш билан таъминлаш кераклиги ҳукумат қарорида ҳам уқтириб ўтилган. Лекин Маъмиржон ака ишчиларнинг иш билан таъминланишига ишонавермайди.

Узньюс. нет сайтининг 11 июнь кунги хабарига қараганда, ёпилиши кутилаётган заводлар ишчилари шу кунда қаттиқ ташвишда.

Масалан, Қашқадарё вилоятидаги Ғузор пахта заводи ишчилари корхонада кечаю кундуз навбатчилик қилиб, на милицияни, на заводдаги ускуналарни бузишга келган усталарни корхонага киритган.

Лекин, Ғузор пахта заводи ҳукуматнинг ёпиладиган заводлар рўйхатига киритилган. Демак, ишчиларнинг қаршилигидан фойда чиқиши қийин кўринади.

Фарғоналик таҳлилчи Абдусалом Эргашевнинг фикрича, ҳукуматнинг у ёки бу қадами ортидаги мантиқни халқ тушунавермайди. Чунки иқтисодиётнинг аҳволи тўғрисида аҳолига маълумот бермайдилар.

”Мамлакатда қанча пахта етиштирилаяпти, етиштирилган ҳосилнинг қанчаси ички эҳтиёжлар учун ишлатилади, қанчаси экспорт қилинади, етиштирилган пахтадан қанча фойда кўрилаяпти, бу ҳақдаги статистик маълумотлар ошкор қилинмайди”, дейди Абдусалом Эргашев.

Вазирлар маҳкамасининг 70-қарорида ёпилаётган 30та заводнинг норентабел эканлиги тан олинган. 30 та завод ёпилиб, бир қатор заводлар замонавий асбоб ускуна билан қайта жиҳозланади. Баъзиларига Хитой ва Ҳиндистондан келтирилади янги жиҳозлар. Бу ишни 2011 йилгача тугатиш кўзда тутилган.

Бироқ 30та заводнинг камида 10 минг ишчиси эртага нима қилади? Бугуннинг энг жиддий масаласи, ҳар ҳолда ўша камида 10 минг киши учун, шудир.
XS
SM
MD
LG