Линклар

Андижон вилояти суди апрель ойида дастлабки суд қарори билан 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Гулбаҳор Тўраева ишини апелляция тартибида кўриб чиқди ва уни суд залидан озодликка чиқарди.

Вилоят суди ходимининг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айтишича, Г.Тўраевага белгиланган 6 йиллик қамоқ шартли жазога ўзгартирилиб, ҳуқуқ ҳимоячиси уч йиллик синов муддати билан қамоқдан озод этилган.

Тўрт фарзанднинг онаси Г.Тўраева шу йилнинг январь ойида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида ҳибсга олинган эди.

Андижон суди таниқли ҳуқуқ ҳимоячисини Ўзбекистон Жиноят кодексининг конституциявий тузумга тажовуз қилиш, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига хавф солувчи материаллар тайёрлаш ва тарқатиш, диний, экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларни тузиш, уларга раҳбарлик қилиш ёки фаолиятида иштирок этиш моддалари бўйича айбдор топиб, олти йилга қамаган эди.

Андижон суди ҳукмига Г.Тўраева Қирғизистондан Ўзбекистонга шоир Рауф Парфининг “Иймон асири”, “Эрк” партияси етакчиси, шоир Муҳаммад Солиҳнинг “Валфажр” шеърий китобларини олиб кирмоқчи бўлгани асос қилиб олинди.

40 ёшли Г.Тўраева 2005 йилда “Анимакор” шифокорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ташкилотига асос солган. У Андижон воқеаларида юзлаб одам ўлгани ҳақида ҳам оммавий ахборот воситаларига биринчилардан бўлиб хабар берган эди.

Шу йилнинг май ойида Европа Иттифоқи Г.Тўраеванинг олти йилга ва яна бир ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзованинг етти йилга қамалишидан чуқур ташвиш билдириб, баёнот эълон қилган ва Ўзбекистон ҳукуматини бу ҳукмларни қайта кўриб чиқишга чақирганди.

ЕИ Ўзбекистонга қарши санкцияларни қайта кўриб чиқишига бир неча кун қолганда У.Ниёзовага тайинланган қамоқ шартли жазога ўзгартирилиб, ҳуқуқ ҳимоячиси суд залидан озод қилинган, бироқ Г.Тўраева қамоқда қолган ва туҳмат айби бўйича иккинчи марта суд қилинганди.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти Г.Тўраеванинг турмуш ўртоғи Фарид Янгельдиннинг айтганларига таяниб, ҳуқуқ ҳимоячисига беш йилу саккиз ой қўшиб берилгани ҳақида хабар тарқатганганди. Иккинчи суд ҳақидаги хабарларни дастлаб сир сақлаган Ўзбекистон ҳукумати кейинчалик бу суд бўлиб ўтганини эътироф этган, аммо Г.Тўраева қўшимча қамоқ жазосига эмас, балки жаримага тортилганини маълум қилганди.

Ўзбекистонга қарши санкцияларни ўз кучида қолдиргандан кейин ҳам ЕИ Г.Тўраева тақдири юзасидан расмий Тошкент билан музокараларни давом эттирди.

Маълум бўлишича, 12 июнь куни бўлиб ўтган апелляция судида Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси иккинчи котиби Уве Берндт ҳам қатнашган. Бироқ элчихона ходимлари суд тафсилотлари ОАВга ошкор қилинмаслигини билдирди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов судда немис дипломатидан ташқари маҳаллий матбуот вакиллари ҳам қатнашганини таъкидлади.

Ўзбекистон ҳукуматига тегишли “Жаҳон” ахборот агентлиги Г.Тўраеванинг озод этилиши Ўзбекистон ҳукумати томонидан қилинган инсонпарварлик экани ҳақида ёзди.

Агентлик хабарида айтилишича, апелляция судида Г.Тўраева ўзига қўйилган барча айбларга тўла иқрор бўлган ва қилмишларидан пушаймон эканини билдирган.

С.Икромов эса ҳуқуқ ҳимоячисининг озод этилиши Германия ҳукуматининг Ўзбекистон расмийлари билан олиб борган мулоқоти натижасидир, деган ишончда. У сиёсий тус олган аввалги шу каби суд мажлисларида бўлгани каби Г.Тўраеванинг ўз “айблари”га иқрор бўлишга мажбур этилиши аввалдан кутилганини таъкидлади.

Шу ўринда яна бир янгилик. Ишончли манбалардан олинган хабарга кўра, яқинда озодликка чиқарилган ҳуқуқ ҳимоячиси У.Ниёзова 13 июнь куни Тошкент шаҳри транспорт прокуратурасига чақирилган ва терговчи Анвар Ортиқов у ҳибсга олинган пайтда мусодара қилинган 250 АҚШ доллари, мобил телефон ва ён дафтарчаларни қайтариб берган.
XS
SM
MD
LG