Линклар

Қочқинлар оиласи яна жамулжам

  • Сарвар Усмон

Андижон воқеаларидан кейин Қирғизистонга қочиб ўтган ва алал-оқибат Чехиядан бошпана топган андижонлик қочқинлар оиласи фарзандлари куни-кеча Прагада ота-онаси билан кўришди.

2005 йил 13 май куни юз берган қонли воқеалардан сўнг шаҳарни ташлаб қочишга мажбур бўлган 500га яқин андижонлик қочқиндан 15 нафари Чехияга келиб қолган. Қочқинларнинг аксарияти турмуш қурган, бола-чақали одамлар. Кутилмаган кулфат туфайли оилалар бўлиниб қолганди. Ота-она ташқарида, болалар Андижонда.

Чехияда ҳам мана шундай уч оила бор. Ўшандай ота-оналардан бир жуфти куни-кеча фарзандларини бағрига босди.

Андижондан келган болаларни Прага аэропортида ота-онаси билан бирга журналистлар кутиб олди. Чехия телевидениеси бу воқеани ўзининг кечки “Янгиликлар”ида кўрсатди.

Она йиғлади. Бола йиғлади. Шундай қилиб икки йилу бир ойга чўзилган айрилиқ ниҳоясига етди.

Узоқ айрилиқдан сўнг фарзандларини бағрига босган ота-она ўз исмини ошкор этмасликни маъқул кўрмоқда. Уларнинг таъкидлашича, исмлари айтилгудай бўлса, Андижонда қолган яқинларига маҳаллий маъмурлар тазйиқ ўтказиши мумкин.

Чехиядан бошпана топган андижонликлардан бирининг сўзларига кўра, қочқин оиланинг тўрт фарзанди ва қочқин отанинг синглиси икки фарзанди билан, жами 7 киши Прагага келган.

Болаларни Ўзбекистондан олиб чиқиб, Чехияга етказиб келиш тафсилотлари яхшилик билан тугайдиган саргузашт фильмларни эслатади.

Бу ишни БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги чехиялик маъмурлар билан ҳамкорликда амалга оширди.

Чехия Ички ишлар вазирлиги миграция бўлими мудири Томас Хайшман Чехия телевидениесига берган интервьюсида бу шахсларнинг Прагага олиб келиниши ҳақида сўзлар экан: “Ҳар бир сонияда муаммо пайдо бўлиши, амалга ошираётган ишимизга путур етиши мумкин эди”, - деди.

Маълум бўлишича, болалар Андижондан аввал Қирғизистонга олиб чиқилган. Сўнг улар Бишкек-Лондон-Прага йўналиши бўйича учиб, ота-она бағрига келган.

Чехиядаги қочқинларни кейинги ойларда ҳукумат алоҳида уйлар билан таъминлади.

Чехиядаги яна икки оиланинг фарзандлари Андижонда қолган. Лекин ҳозирча бу икки оила БМТ вакилларидан болаларини олиб келиб беришни илтимос қилмаяпти. Чунки улар, ўзларининг айтишича, ватанга тезроқ қайтиш умиди билан яшамоқда.
XS
SM
MD
LG