Линклар

Б.Немцов: “Каримов Гаага трибунали олдида жавоб бериши керак”

  • Абдулла Искандар

Россиялик мухолифатчи сиёсатчи Борис Немцов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Гаага трибуналида “инсониятга қарши жиноятлар қилган кимсалар билан бир қаторда жавоб бериши керак”лигини таъкидлади.

Мухбир: Россия мухолифатчиларининг Каримов режимига муносабати қандай? Нега улар Ўзбекистондаги тазйиқларга муносабат билдирмаяпти?

Б.Немцов: Ўзбекистон эшиклари мен учун ëпиб қўйилган ва айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳақида ҳақиқатни айтиш каби саодатга ноилман. Каримов ўз қилмишларига Гаага трибунали қошида туриб жавоб бериши керак. У Милошевич ўтирган қора курсига ўтириши керак. Рус мухолифати бу фикрда якдил. Андижонда мудҳиш ҳодисалар юз берган пайтда биз Каримов истеъфосини талаб қилдик. Икккинчидан, биз Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасини бойкот қилдик. Каримовнинг Москвага келишига норозилик билдирдик. Биласиз, у қилғиликни қилиб қўйиб, Путин пинжига суқилган эди. Бундан ташқари, Андижон борасида бизнинг, яъни Россия мухолифатчиларининг муносабати ўта аниқ бўлди. Бу қотиллик эди ва бу қотилликни амалга оширган Ислом Каримов жиноий жавобгарликка тортилиши керак.

Мухбир: Рус мухолифатчилари талабларига қарамай, Россия Ўзбекистонга ëн босди. Хўш, Россия ва Ўзбекистоннинг бугунги муносабатларига қандай баҳо берасиз?

Б.Немцов: Биз Каримовнинг Путин билан яқинлашишига мутлақ қарши бўлдик. Бу ҳақда доимо гапирдик. Путин тарғибот машинасининг баланд овози овозимизни тўсиб қўйгани эса бошқа гап. “Коммерсант”га ўхшаган кам тиражли газеталарни Ўзбекистонда ўқишмаса керак. Балки бу бизнинг камчилигимиздир. Балки биз Тошкентда Каримовга қарши яширин варақалар чоп қилиб тарқатишимиз керак эди. Нима бўлганда ҳам биз рус мухолифатчилари сизнинг Каримовингизга қарши гапираëтганимиз юз фоиз рост.

Мухбир: Россиянинг геосиëсий ўйинлари оқибатида Ўзбекистон ўз мустақиллигини бой бера бошлади, деган фикрларга муносабатингиз қандай?

Б.Немцов: Биласизми, мустақилик учун мамлакатда ҳамма нарса етарли бўлиши керак. Марказий Осиёда фақат икки давлатда, яъни Қозоғистон ва Туркманистонда бунинг аломатлари бор. Ўзбекистонни ҳам улар қаторига қўшиш мумкин эди, аммо Каримов омили бунга халал беради. Агар ўртоқ Каримовнинг барча тириклик нишонаси бўлган нарсаларни емириш, вайрон қилишдан иборат ақлсиз сиëсати бўлмаганда эди, Ўзбекистон қоғозда эмас, амалда мустақил бўлар эди. Каримов Ўзбекистонда бизнесни ҳам, интеллектуал ресурсларни ҳам йўқ қилди.

Мухбир: Марказий Осиё иттифоқи ғояси ҳақида ҳам фикр билдирсангиз.

Б.Немцов. Марказий Осиёда Каримов каби мустабидлар тирик экан, бирлашиш ғояси хаëл бўлиб қолаверади. Диктаторлар бирлашмайди. Уларга бу ғоя ëт, улар ҳам нарсани куч ва пинҳона келишув орқали амалга оширамиз, деб ишонади.

Мухбир: Марказий Осиёнинг бирлашуви Россия учун яхшими ёки ёмон?

Б.Немцов: Агар бу итифоқ демократик бўлса, Россия учун яхши, агар зулм устига қурилса, ëмон.
XS
SM
MD
LG