Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:04

Ўзбекистон ҳукуматига навбатдаги таҳдидми ёки...


Ўзини “Исломий жиҳод иттиҳоди” номи билан таништирган ташкилот “яқин вақтлар ичида Ўзбекистон диёрида жиҳодий амалиётлар бошлаяжаги”ни эълон қилди. Ташкилотнинг бу ҳақдаги баёноти бир қанча сайтларда босилди.

Баёнот эълон қилингандан кейин “Озодлик” мухбири мазкур ташкилот ҳақида биладиган кишиларни топишга ҳаракат қилди.

Бир пайтлар Тоҳир Йўлдошев қўлида хизмат қилиб, сўнгра ундан ҳафсаласи пир бўлгач, қуролни ташлаб, Эронга қочиб ўтган йигитлардан бири бу ҳақда маълумот бера олди.

Унинг сўзларига кўра, ўзини “Исломий жиҳод иттиҳоди”, деб атаётган гуруҳда жами 30 киши бор бўлиб, бошлиғи Яҳё исмли йигитдир. Бу гуруҳ Ўзбекистонга бостириб кира олмайди, лекин узоқдан туриб портлаш уюштириши мумкин.

“Исломий жиҳод иттиҳоди”нинг баёноти ортидан Интернетда ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Толиб Ёқубовнинг каттагина мақоласи эълон қилинди.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда Толиб Ёқубов мақоласидаги асосий фикрлардан бирига тўхталиб: “Бу баёнотни Ўзбекистон махфий хизматининг ўзи тарқатган, деб ҳисоблайман. Агар баёнот ўша ташкилотнинг ўзиники бўлганида эди, улар ўз режаларини олдиндан овоза қилмаган бўларди. Чунки улар ҳам тўсатдан уюштирилган ҳужумдангина натижа чиқишини яхши билади”, - деди.

Т.Ёқубовнинг айтишича, масала калитини президент сайлови яқинлашиб қолганидан излаш керак. Одатда сайловлар олдидан ҳокимият мана шундай ҳийла-найрангларни ишга солади.

Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бири бўлгани учун ҳам Толиб Ёқубовнинг бундай фикр билдириши кутилмаган ҳолат эмас.

Шунинг учун холис сиёсатшунос, қозоғистонлик Дўсим Сатпаевнинг бу борадаги фикрларини келтириш ўринлидир.

Унинг фикрича, “Интернетда пайдо бўлган баёнот шу мавзуда шов-шув кўтаришга уриниш, холос”.

Шов-шув кўтаришга айнан ким уриняпти, ўша гуруҳми ёки Толиб Ёқубов айтаётган махфий хизматларми?

“Бундай фикрни истисно қилиб бўлмайди, чунки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, экстремизм ва терроризмга қарши кураш Ўзбекистонда давлат мафкураси даражасига кўтарилган ва тилга олинаётган баёнот фақатгина расмий Тошкентнинг фойдасига ўйнайди”, - деди Дўсим Сатпаев.

Қирғизистонлик Алишер Соипов Ўзбекистон исломий ҳаракатининг собиқ жангарилари, ҳозир Эронда жон сақлаётган қочқинлар билан юзма-юз суҳбатлашган журналистлардан бири.

У “Исломий жиҳод иттиҳоди” баёнотида қилинган таҳдидларнинг амалга ошиши эҳтимоли катта эканини айтади. Лекин, дейди А.Соипов, минтақа мамлакатлари махфий хизматлари бу ва бошқа гуруҳларнинг фаолиятидан яхши хабардор, уларни доим назорат қилиб туради. Лозим пайтда террор хуружини амалга оширишга “изн” ёки буйруқ берилади ва шундан сўнг қатағонлар бошланади.
XS
SM
MD
LG