Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:16

Бўрон олдидаги сукунатми?


Шиаларнинг Самарра шаҳридаги муқаддас зиёратгоҳи - “Олтин масжид”да 13 июнь куни амалга оширилгандан портлашдан кейин Ироқ ҳукумати мазҳаблараро зўравонлик кучайиши олдини олиш чораларини кўра бошлади.

Ироқ ҳукумати Бағдод ва Самаррада комендантлик соати жорий қилди. Портлашдан сўнг Ироқда кенг кўламли зўравонликлар кузатилгани йўқ. Мамлакатда нисбатан осойишта вазият ҳукм сурмоқда.






Самаррада яшовчи ироқликлардан бири қурилганига минг йилдан ошган қадимий зиёратгоҳда портлаш қандай содир этилгани ҳақида гапириб: “Полиция зиёратгоҳни ҳимоя қилиш учун хавфсизлик чораларини кучайтирганига қарамай, портлаш соат тўққизда содир бўлди. Портлаш ким томондан амалга оширилганини биз билмаймиз. Масжидни полиция кучлари қўриқлаётган эди. Бунинг учун улар жавоб беради. Биринчи минора соат тўққизда, иккинчиси ўн дақиқадан кейин портлади. Ироқ хавфсизлик кучлари ходимлари буни террорчилар қилганини айтмоқда”, - деди.

Ироқ ҳукумати “Олтин масжид”да содир этилган портлашда “Ал-Қоида”ни айблади.

Ҳукумат таъкидича, “Ал-Қоида” Ироқда мазҳаблараро зиддиятни янада кучайтиришга уринмоқда.

Портлаш натижасида “Олтин масжид”нинг икки минораси вайрон бўлди. Ўн олти ой олдин содир этилган портлаш оқибатида масжиднинг асосий биноси вайрон бўлган, аммо минораларга шикаст етмаган эди. Ўша ҳужумдан сўнг масжид ёпиб қўйилганди.

Бағдод расмийлари мазҳаблар ўртасида зўравонликлар кучайишига йўл қўймаслик учун зудлик билан чоралар кўрди. Бағдод кўчаларида патруль сони кўпайди, Самарра шаҳрига элтувчи йўлда қўшимча текширув пунктлари ўрнатилди. Шунингдек, пойтахт ва Самаррада коммендантлик соати жорий қилинди.

Хавфсизлик чоралари кучайтирилганига қарамай, зўравонликлар содир бўлгани хабар қилинмоқда. Аҳолисининг аксари шиа бўлган Басра шаҳрида қуролли шахслар суннийларга қарашли тўртта масжидни ўққа тутди.

13 июнь кунги портлашдан кейин радикал шиа уламоси Муқтадо ас-Садр ўз тарафдорларини оғир-босиқ бўлишга чақирди. У “Олтин масжид”даги портлашни мусулмонлар амалга оширганига ишонмаслигини айтди. Шиалар етакчиси бу ҳужум АҚШнинг иши эканига ишонишини таъкидлади.

Унинг бу иддаосини ироқликлар қабул қиладими? “Озодлик” радиоси мухбирининг ана шу саволига Вашингтондаги “American Enterprise” институтининг Яқин Шарқ бўйича мутахассиси Реул Марк Герехт: “...портлашни америкаликлар ёки исроилликлар эмас, “Ал-Қоида”га алоқадор гуруҳлар амалга оширган. Бу иш ортида “Ал-Қоида”га алоқадор ироқлик сунний гуруҳлар ёки радикал қарашдаги суннийлар турган бўлиши мумкин. Бироқ кўп одам суннийлар гуноҳдан холи эмаслигига ишонади. Аммо улар қора тунлар ортидан ёруғ кун келишига, яъни барча мазҳабдагилар Ироқ деган мамлакатда тинч-тотув яшай олишига умид қилади”, - дея жавоб қайтарди.

Муқтадо ас-Садр етакчилигидаги 30 депутатдан иборат фракция норозилик тариқасида “Олтин масжид” қайта тиклангунича 275 ўринли Ироқ парламентидаги фаолиятини тўхтатишини билдирди. Бош вазир Нурий ал-Маликий ҳужум юзасидан тўлиқ текширув ўтказишни ваъда қилди. Хавфсизлик чоралари кучайтирилган муқаддас зиёратгоҳга ким ҳужум уюштиргани ҳозирча маълум эмас.
XS
SM
MD
LG