Линклар

Фаластин бош вазири этиб тайинланган Салом Файёд янги вазирлар маҳкамасини тузмоқда.


Хабарларга кўра, мустақил сиёсатчи Салом Файёд ҳукумат аъзоларини технократ сиёсатчилардан ташкил этишни режалаштирмоқда. Фаластин раҳбари ёрдамчиси Набил Амрнинг билдиришича, Салом Файёднинг янги ҳукумати аввалги ҳукуматдан вазирлар сон жиҳатидан фарқ қилади. “Хамас” жанггарилари Фаластиннинг Ғазо минтақаси назоратини қўлга олгандан сўнг муҳторият президенти Маҳмуд Аббос фавқуллода вазият эълон қилиб, ҳукуматни тарқатиб юборди ҳамда Салом Файёдни бош вазир этиб тайинлади.
Айни пайтда “Хамас” ҳаракати янги бош вазир ва унинг ҳукуматини тан олмаслигини маълум қилди. “Маҳмуд Аббосдан Салом Файёдга берилган муваққат ҳукуматни “Ҳамас” ҳаракати ноқонуний ҳукумат, дея баҳолайди” - деди “Хамас” ҳаракати матбуот котиби.
Айни пайтда “Хамас”нинг муҳожиратдаги етакчиси Ҳолид Машъал унинг ҳаракати Маҳмуд Аббос билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилди. Фаластиннинг Ғазо минтақаси “Хамас” ҳаракатининг тўлиқ назоратига ўтган бўлса, Ғарбий соҳил “Фатх” қўлида қолмоқда.
Шанба куни Маҳмуд Аббосга содиқ бўлган “Фатх” ҳаракати жанггариларининг Ғарбий соҳилда “Ҳамас” тарафдорларига тегишли биноларга бостириб киргани хабар қилинмоқда. Хозирча талофотлар тўғрисида маълумот тарқатилмади.
XS
SM
MD
LG