Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:08

Ҳуқуқ ҳимоячилари: Россияда яна бир Ўзбекистон фуқароси бедарак йўқолди.


Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Москвадаги фаоллар Россияда бир Ўзбекистон фуқароси бедарак йўқолганини маълум қилдилар. Ҳуқуқ ҳимоячилари диний характердаги айблов билан судланиб Ўзбекистонда бир неча йиллик қамоқ жазосини ўтаган Обутов Муҳаммад Солиҳ Россия махсус хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилиб юборилган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

“Фуқаровий кўмак” қўмитасининг Марказий осиёлик сиёсий қочқинларга ёрдам кўрсатиш дастури раҳбари Елена Рябинина бу ҳақда “Озодлик” радиосига шундай деди:

“13 июнь чоршанба куни Москва вилоятининг Красногорск шаҳрида Ўзбекистон фуқароси бўлган 1969 йилда туғилган Обутов Муҳаммад Солиҳни деярли ўғирлаб кетишган” – дейди россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Келиб чиқиши қорақалпоғистонлик бўлган Обутов диний айбловлар бўйича Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қидирувда бўлгани тахмин қилинмоқда. Чунки Рябининага кўра, Обутов диний характердаги айблов билан Ўзбекистонда бир неча йил қамоқ жазосини ўтаган ва 2004 йилда қамоқдан қўйиб юборилган. Жорий йил бошида у яна ҳибсга олиниши мумкинлигидан ҳавотирланиб Россияга борган.

Елена Рябининага кўра, Обутов ўғирланган бўлиши мумкин:

“Воқеадан бир кун олдин унинг уяли телефонига қандайдир ўзбеклар қўнғироқ қилиб Обутовдан бир ватандошга Красногорскдаги ўзи яшаётган уйидан жой беришни илтимос қилишган. Аввал у кўнмаган. Сўнг меҳмоннинг бир кеча уйида тунашига рози бўлган. Чоршанба куни у меҳмонни кутиб олиш учун оёғига шиппак кийиб қўчага чиққан. Шундан кейин у бедарак йўқолган” – дейди россиялик инсон ҳуқуқлари фаоли.

Рябинина Россиянинг махсус хизмат ходимлари унинг ташкилотига ёрдам сўраб мурожаат қилганлар ортидан кузатув олиб бораётган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмай, бу борада жиддий ташвиш билдирди. У ўз тахминини бундай асослашга уринди:

“Чунки бу воқеадан бир оз олдин у менга қўнғироқ қилиб (қочқинлар масалалари бўйича БМТ идорасига) бошпана сўраб мурожаат қилмоқчи эканини айтган эди. Кейин мен у билан идорамизда учрашдим ва бўлиб ўтган суҳбатни ёзиб олдим. Мен хатто унинг қаерда яшаётганини сўрамадим. Ўша учрашувнинг эртасидан бошлаб унга қўнғироқ қила бошлашган. Биз уни ўғирлаб кетишган бўлиши мумкинлигидан жиддий хавотирдамиз. Биз ҳозирда у Россия ҳудудидами ёки Ўзбекистонга жўнатиб юборилгани ҳақида ҳея қандай маълумотга эга эмасмиз” – дейди россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Рябинина.

Обутов Муҳаммад Солиҳ тақдири ҳақида маълумот олиш мақсадида Москва вилоятидаги Красногорск шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига қўнғироқ қилдик. Телефон гўшагини кўтарган Ички ишлар бошқармаси офицери Обутов ҳақидаги саволимизга:

“Ариза билан мурожаат қилинг уни қидирамиз. Биз бу ҳақда маълумотга эга эмасмиз. Милициянинг исталган бўлимига шундай одам йўқолди, деб ариза ёзинг, кейин биз уни қидира бошлаймиз. Россия ёки Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилинг” – дея жавоб берди Красногорск Ички ишлар Бош бошқармаси навбатчиси.

“Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Бахром Ҳамроев Обутов Муҳаммад Солиҳ билан юз берган каби воқеа Россияда ғайриоддий ҳол эмаслигини, ҳозирда, айниқса, ўзбекларга нисбатан босим жуда кучайганини айтади.

Ҳамроев россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари Обутов масаласида Россия ҳуқуқ-тартибот органларига расмий мактуб билан мурожаат қилишларини айтди.
XS
SM
MD
LG