Линклар

Ўзбекистонда жорий йил охирида президент сайлови ўтказилиши кутилаётган бўлса-да, мамлакат сиёсатчилари ва оммавий ахборот воситалари бу мавзуда мум тишлаганча турибди.

Ўз исмини ошкор этишни истамаган фарғоналик суҳбатдош 23 декабрда бўлиши айтилаётган сайлов борасида маҳаллий ОАВ лом-мим демаётгани оддий ўзбекистонликларни аросатда ушлаб турганини таъкидлади.

Унинг айтишича, халқ орасида сайлов бўлмас экан, бўлса ҳам Ислом Каримовнинг ўзи қоларкан, деган гаплар пайдо бўлган.

Ўзбекистонликларни қийнаётган саволлар, яъни ҳақиқатан ҳам 23 декабрь куни сайлов ўтказиладими, ўтказиладиган бўлса, унга тайёргарлик жараёни қандай боряпти, каби саволлар билан “Озодлик” мухбири Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясига раиси ўринбосари Қўчқор Тоғаевга мурожаат этди.

“Президент сайлови, албатта, 23 декабрь куни бўлади. Лекин ҳозирча унга тайёргарлик ишлари бошлангани йўқ. Сайлов кампанияси амалдаги президентнинг ваколати тугашидан камида уч ой олдин бошланади, шундан кейин сайловга тайёргарлик жараёни ҳам бошланади”, - деди Қ.Тоғаев.

Унинг сўзларига кўра, сайлов кампанияси бошлангач, сиёсий партиялар қурултой ўтказиб, ўз номзодларини илгари суради. Лекин мамлакатдаги сиёсий партияларнинг бирортаси ҳозирча бўлажак президент сайловида қатнашиш истагини билдиргани йўқ.

Ўзбекистондаги энг йирик ва кекса партиялардан бири бўлмиш Халқ демократик партияси раиси ўринбосари Баҳодир Норов эса партиянинг сайлов билан боғлиқ режалари ҳақида гапиришни ҳам истамади.

Нима бўлганда ҳам, 2007 йил 23 декабрда ўтказилиши айтилаётган президент сайловида, агар бу сайлов бўлиб ўтса, унда янги номзодлар қатнашиши керак, яъни Ислом Каримов мамлакатнинг амалдаги конституциясига ва бошқа қонунларига кўра, бу сайловда қатнаша олмайди. Чунки 23 декабргача амалда қолса-да, унинг иккинчи президентлик ваколати жорий йилнинг 22 январида тугаган. Ўзбекистон конституциясининг 90-моддасига кўра, бир шахс икки мартадан ортиқ Ўзбекистон президенти бўла олмайди.

Ўзбекистонлик сиёсий шарҳловчи Шарофиддин Тўлагановнинг эса бу борада конституциядагидан фарқ қиладиган фикри бор.

“Ўзбекистон президенти, яъни Ислом Каримовнинг яна бир марта ўз номзодини президентликка қўйишга маънавий ҳуқуқи бор”, - дейди Ш.Тўлаганов.

Унинг фикрича, Қозоғистон раҳбарининг умрбод президент бўлиб қолиш имконига эга бўлгани, қолаверса, И.Каримов Ўзбекистонда “бошқа ютуқлар қатори” бозор иқтисодиётининг секин-аста жорий қилинишига эришаётгани унга шундай маънавий ҳуқуқни беради.

Фарғоналик суҳбатдош эса Ш.Тўлагановнинг фикрларига уйғун бўлган, Ўзбекистон президентлигига Ислом Каримовдан муносиброқ шахс йўқ, деган 27 миллионлик ўзбек халқини камситувчи фикрларга бугун ҳеч ким ишонмай қўйганини айтади.

“27 миллионлик ўзбек орасида Ислом Каримовдан бошқа муносиб одам бўлмаса, қанақа халқ бўлдик”, - дейди оддий фуқаро.
XS
SM
MD
LG