Линклар

logo-print

Тошкент яқин йилларда Олмаота бўла олмайди

  • Барно Анвар

Американинг “Mercer HR” агентлиги ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, яшаш нархлари борасида Москва ўтган бир йил ичида дунёнинг энг қиммат шаҳри ҳисобланиб келинган Токиони қувиб ўтган.

Энг қиммат шаҳарлар рўйхатидан Москвадан кейин Лондон, Сеул, Токио, Гонконг, Копенгаген, Цюрих ўрин олган. Марказий Осиё давлатлари шаҳарларидан фақат Олмаота дастлабки 50таликка киритилди. Яшаш қимматлиги бўйича Олмаота Европанинг Афина, Мадрид, Амстердам, Барселона каби йирик шаҳарлари сафидан ўрин олган.

Дунёнинг 143 та шаҳрида яшаш нархини ўрганган “Mercer HR” агентлиги ўз тадқиқоти давомида ҳаёт учун зарур маҳсулотларнинг ўртача нархи, аҳолига хизмат кўрсатишнинг 200 дан ортиқ йўналиши, шунингдек, турар-жой, транспорт ва озиқ-овқат нархини солиштирди.

Агентлик вакили Эйван Трейбр бу йил дуёнинг турли шаҳарларида яшаш нархининг ортиши, энг аввало, АҚШ доллари инфляцияси ҳамда ривожланаётган мамлакатларда хорижий инвестия миқдори ҳамда кўчмас мулкнинг нархи ортаётгани билан боғлиқлигини билдирди.

“Рўйхатимизнинг энг юқорисида турган Москва ва Лондонда, масалан, миллий валюта бўлган рубль ва фунтнинг қадри АҚШ долларига нисбатан ортиб бормоқда. Бу эса ўз-ўзидан бу мамлакатлардаги яшаш учун энг кам сарф-харажатлар миқдорини оширган. Агар Марказий Осиёдан Олмаота шаҳрини оладиган бўлсак, Қозоғистонда хорижий сармоя миқдори ҳисобига кўтарилаётган иқтисодий ривожланиш яшашнинг қимматлашига сабаб бўляпти”,- деди Эйван Трейбр.

Унинг айтишича, дунё шаҳарларида яшаш нархи билан қизиқаётган компаниялар “Mercer HR”га ҳозирча Марказий Осиё давлатларидан кўпроқ Қозоғистон шаҳарларидаги вазиятга эътибор қаратмоқда.

“1994 йилдан бери шундай ҳисоботни эълон қилиб келаётган бўлсак, ўшандан бери бирор марта Тошкентни ўрганганимиз йўқ. Чунки халқаро компаниялар Тошкент шаҳрига молиявий қизиқиш билдираётгани ва бу ерда яшаш нархини билиш борасида бизга буюртма киритгани йўқ. Бироқ Олмаота 1994 йилдаёқ рўйхатга киритилган ва бу рўйхат, айтиш мумкинки, ўшандан буён ўзгаргани ҳам йўқ”, - деди Эйван Трейбр.

У яшаш нархи, асосан, ривожланаётган мамлакатлар пойтахтларида кўтарилиб бораётганини айтар экан, бу давлатларда аҳолининг турмуш даражаси ҳам шунга мос равишда юксалаётгани кузатилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистонлик иқтисодчилар ҳам яқин-атрофда Тошкентнинг бундай шаҳарлар рўйхатига кириши эҳтимолдан жуда йироқлигини айтаётир.

Иқтисодчи Хайрулла Абдурашидов фикрича, Тошкентда яшаш нархи йилдан йилга ортиб бораётганига қарамай, бунга қарама-қарши равишда аҳолининг асосий қисмини ташкил этувчи ўртаҳол ва камбағал қатламнинг турмуш даражаси пастламоқда.

“Аҳолининг табақаланиши кучли. Айниқса, бой ва ўртаҳол аҳоли ўртасидаги жарлик жуда чуқурлашган. Яъни Тошкент ўз аҳолиси учун анча қиммат. Аммо дунёдаги йирик шаҳарлар билан солиштирганда, албатта, хорижликлар учун анча арзон”, - деди Х.Абдурашидов.

У Ўзбекистоннинг тобора ёпиқ мамлакатга айланаётгани ва мамлакатга кириб келаётган хорижий сармоя миқдори ўта қисқариб бораётгани боис, Тошкент яқин йилларда дунёнинг нуфузли шаҳарлари сафига қўшила олмайди, деган фикрда.

“Давлат ёпиқ бўлгандан кейин хорижий сармоя ҳам оз. Бунинг устига, солиқ тизими маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқаришга имкон бергудай эмас. Ривожланаётган давлатларда ишлаётган бозор қонуниятлари бизда йўқ. Яъни нормал ривожланаётган давлатларда яшаш нархи билан аҳолининг турмуш даражаси бирга ўсиб борса, бизда бунинг акси кузатилмоқда”, - деди Х.Абдурашидов.
XS
SM
MD
LG