Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:11

Роҳат Алиевнинг шериклари қўлга олинди


Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари мамлакат президенти Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич куёви Роҳат Алиев раҳбарлик қилгани айтилаётган уюшган жиноий гуруҳ аъзоларини ҳибсга олди.

Қозоғистон ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Боғдат Хўжаҳмедовнинг айтишича, қўлга олинган беш киши Қозоғистондаги энг йирик банклардан бири бўлмиш “Нурбанк”нинг икки топ-менежерини ўғирлашда иштирок этган.

“Қўлга олинганлардан уч нафари “Нурбанк”нинг собиқ ходимлари Тимралиев ва Ҳасеновни ўғирлашда бевосита иштирок этганига иқрор бўлди. Қўлга олинганлар орасида ўғирланганларнинг бор мол-мулкини ўзлаштириб олган “Алматур” фирмаси раҳбари, Қозоғистон шакар заводи хавфсизлик хизматининг собиқ ходими ва “Нурбанк” хавфсизлик хизмати бошлиғи бор. Ўтказилган тергов давомида уларнинг барчаси Роҳат Алиев ташкил этган уюшган жиноий гуруҳга аъзо бўлгани аниқланди”, - деди Б.Хўжаҳметов.

У тергов гуруҳи “Нурбанк”нинг ўғирланган ходимлари сақланган жой ҳамда уларга нисбатан қўлланилган руҳий ва жисмоний тазйиқлар ҳақида аниқ маълумотларни қўлга киритгани, аммо терговга оид бу маълумотларни ошкор эта олмаслигини билдирди.
Б.Хўжаҳмедовнинг айтишича, ҳозир бош прокурор ўринбосари раҳбарлигида Венада ишлаётган махсус гуруҳ Р.Алиев ва шерикларини Европадан ватанига экстрадиция қилиш юзасидан музокаралар ўтказмоқда.

Инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилоти Олмаота бюроси раҳбари Евгений Жовтис Р.Алиевга қўйилаётган айбловлар ўз тасдиғини топган тақдирда ҳам Австрия ҳукумати уни Қозоғистонга экстрадиция қилмаслиги эҳтимоли борлигини таъкидлади.

“Р.Алиевнинг айбдор экани фақат судда ўз тасдиғини топиши мумкин. Бу суд бўлиб ўтиши учун айбланувчининг иштироки зарур. Бироқ Қозоғистонда айбланувчи иштирокисиз ҳам суд ҳукми чиқарилган ҳолатлар бўлган. Масалан, собиқ бош вазир Кажигелдин устидан сиртдан ўтказилган суд уни 10 йилга озодликдан маҳрум этган. Аммо у қочқин мақомида яшаётган давлат ҳукумати уни ватанига қайтаришдан бош тортган. Қолаверса, Қозоғистон томони Р.Алиев устидан суд жараёни объектив ва холис ўтишини кафолатлаши керак. Шундагина Австрия ҳукумати уни ватанига қайтариши мумкин. Қозоғистонда эса судланаётганларнинг айбга иқрор бўлишига босим ва жисмоний куч ишлатиш орқали эришиш тез-тез учраб туради. Венада бўлган Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот ходимлари эса Р.Алиевга нисбатан ҳам шундай босим ишлатилмаслигига Австрия ҳукуматини ишонтира олиши керак”, - дейди Евгений Жовтис.

Қозоғистонлик мухолифатчи Рисбек Сарсенбоев эса Р.Алиевга жазони Қозоғистон суди белгилаши кераклигини айтади.

“Алиев ва у ташкил этган уюшган жиноий гуруҳ жиноятларни Қозоғистон ҳудудида содир этган. Шу сабабли ҳам улар устидан суд Қозоғистонда бўлиб ўтиши керак. Р.Алиевнинг Венадан ватанига экстрадиция қилинишига ишонаман. Чунки президент ҳам куёви устидан суд бўлиб ўтишига ваъда берган. Назарбоев бу ишни охиригача етказади. Аммо Қозоғистон суди Р.Алиев устидан чиқарадиган ҳукм адолатли бўлишига шубҳам бор”, - дейди Рисбек Сарсенбоев.
XS
SM
MD
LG