Линклар

Айтаверади, қайтаверади...


Қозоғистоннинг Австриядаги собиқ элчиси, президент Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич куёви Роҳат Алиев “Время” газетасига интервью бергани ва унда қайнотасидан кечирим сўраганини инкор қилмоқда.

Қозоғистондаги “Время” газетаси Р.Алиев билан суҳбатни ўтган шанба куни чоп этганди. Газета бош муҳаррири Игорь Мельцер билан телефон орқали суҳбатида Р.Алиев қайнотаси Н.Назарбоев юритаётган сиёсатни қаттиқ танқид қилганидан афсусланаётганини тан олган.

“Президент номига йўллаган сиёсий баёнотим бўйича шахсан унинг ўзига жавоб беришга тайёрман. Мен баёнотимда ортиқча эҳтиросларга берилиб кетганимни тан оламан ва бунинг учун президентдан кечирим сўрашга тайёрман”, - деган интервьюда Р.Алиев.

Аммо куни-кеча Қозоғистоннинг “Зона.кз” ахборот сайти Р.Алиевнинг матбуот хизмати эълон қилган маълумотларга таянган ҳолда “Время” газетаси бош муҳаррири Р.Алиев билан суҳбатлашмагани ҳақида хабар тарқатди. Бу хабарда газетада чоп этилган интервью газета хўжайинлари - “Қозоқмис” компанияси эгалари бўлмиш Владимир Ни ва Н.Назарбоевнинг собиқ иш юритувчиси Владимир Ким топшириғи бўйича ўйлаб топилгани иддао қилинади.

“Р.Алиев газета бош муҳаррири Игорь Мельцер билан икки бор суҳбатлашди, - дейди “Время” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Марат Асипов юқоридаги иддаоларга изоҳ берар экан. - Биринчи суҳбат 31 май, иккинчиси эса 14 июнь куни бўлиб ўтди. Газетага интервью бериш хоҳишини Р.Алиевнинг ўзи билдирган. У бош муҳарриримизга 31 май куни кутилмаганда илк бор қўнғироқ қилган. Бу пайтда бош муҳаррирнинг ёнида овоз ёзиб олиш учун диктофон бўлмаган. Шу сабабли биз Алиевнинг илк суҳбатини газетада чоп этмадик. Сўнг 14 июнь куни Алиев яна бир бор Игорь Мельцерга қўнғироқ қилди. Бу сафар бош муҳаррир Алиевга илк бор берган саволларига жавобларни ҳамда иккинчи бор бўлиб ўтган суҳбатини ҳам диктофонга ёзиб олишга улгурган. Шу сабабли таҳририятимиз Алиевнинг овози ёзилган суҳбатларни далил сифатида келтириши мумкин”.

М.Асипов Р.Алиев қайнотаси бўлмиш мамлакат президентидан узр сўрагани бор гап эканини таъкидлади.

“Журналистлар хавф остида” жамғармаси раҳбари Розлана Туакина Р.Алиев ўз интервьюсидан тонаётганини изоҳлар экан: “Время” газетаси бош муҳаррири Игорь Мельцер жуда тажрибали журналист. Р.Алиев билан юзага келган воқеалар газета обрўсига салбий таъсир этмаслиги учун у доим ҳар бир қадамини ўйлаб босади. “Время” газетаси Р.Алиев билан бўлиб ўтган интервьюдан аввал унга электрон почта орқали саволларни юборган. Р.Алиев бу саволларга ёзма равишда ҳам жавоб берган. Бунга қўшимча сифатида эса унинг диктофонга ёзиб олинган овози ҳам таҳририятда сақланмокда. Р.Алиевдан ҳар нарсани кутиш мумкин. У ўзини кулгу остига қўймоқда. Р.Алиев “Время”га ҳеч қандай интервью бермаган, бу Назарбоевнинг яқинлари томонидан атайин уюштирилган, деган хабарни Р.Алиевнинг матбуот хизмати тарқатгани айтилмокда. Р.Алиевнинг матбуот хизмати тугул, ҳаттоки маслаҳатчи ёрдамчилари ҳам қолмаган. Уни ён-атрофидагилар ҳам тарк этмоқда. “Время”га берган интервьюсида Алиев ёлғиз қолганидан нолиб гапирган”, - деди.

Куни-кеча “Нурбанк” топ менежерларини ўғирлаб, бор мол-мулкини ўзлаштириб олганлик ҳамда уларга руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказганликда айбланган 5 киши қўлга олинган эди. Уларнинг барчаси Р.Алиев ташкил этган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари экани аниқланди.

Қозоғистон социал демократик партияси раиси Жармахон Туёқбой бундан аввал қайнотасидан кечирим сўраб турган Р.Алиев шериклари қўлга тушганидан саросимада қолиб, энди сўзидан қайтаётганини таъкидлади.

“Р.Алиев жиноят содир этган ҳар бир инсон каби ўзига ҳимоя қидирмоқда. Бунинг учун у турли ҳийла-найранг ишлатаётгани аён. У ўз хавфсизлиги учун кафолат бўла оладиган инсонлар билан яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилмоқда, жумладан, қайнотаси билан ҳам. У аввал Назарбоевдан кечирим сўрасам, менинг айбим ювилиб кетади, деб ўйлаган. Аммо қайнотаси куёвига қарши бошлаган ишни охиригача етказиш ниятида эканини кўргач, айтган сўзларидан қайтган. Н.Назарбоев охир-оқибат куёвини кечириши ҳам мумкин. Аммо сиёсат, бизнесдан умуман четлатиб юборади. Р.Алиев жамият учун хавф солаётганини президент тушуниб етган”, - деди Ж.Туёқбой.
XS
SM
MD
LG