Линклар

“Қуёш янглиғ Элбоши” ёки “боши”лар ҳақида мулоҳазалар

  • Сарвар Усмон

“Биз, қозоғистонлик монархиячилар Қуёш янглиғ Элбошимизнинг умрбод йўлбошчимиз бўлишига имкон бермай келаётган конституциядаги шармандали чекловларни алал-оқибат бекор қилиб ташлаган ўзгартишларни сўзсиз қўллаб-қувватлашимизни эълон қиламиз”.

Яқинда қозоғистонлик бир гуруҳ ёшлар уюштирган “Нур отар” монархиячилар ташкилотининг расмий баёноти мана шундай бошланади.

Шундай қилиб, Туркманбоши ва Юртбоши қаторига Элбоши қўшилди.

Қозоғистонлик монархиячиларнинг баёноти “боши”ларга, аниқроғи “бош”ларга бир разм солишга ундади.

Умрбод президент, фельдмаршал Ал-Ҳожи доктор Иди Амин жаноби олийлари, Ердаги ҳайвонлару денгиздаги балиқлар ҳукмдори, умуман Британия империясининг Африкадаги ва хусусан Угандадаги соҳибқирони.

Бу бундан тўрт йил муқаддам бандаликни бажо келтирган, Угандани 1971-1979 йилларда бошқарган Дада Уме Иди Аминнинг унвонидир.

Қарийб ярим миллион угандаликни қатағон қилган бу зотнинг унвони янаям қисқартириб келтирилди - вақт қиммат.

Туркманбоши Сапармурод Ниёзовнинг унвонлариям Аминникидан қолишмасди. Лекин у ҳам ўлиб кетди…

Умрбод президентлик унвони эндиликда “Қуёш янглиғ Элбоши” Нурсултон Назарбоевга насиб қилиб турибди.

Асқар Ақаевга умрбод президентлик у ёқда турсин, белгилаб қўйилган муддатини охиригача ўташ ҳам насиб қилмади. Лекин у кишини “ажў”, деб сифатлардилар.

Қирғизистондаги ҳукумат газеталаридан бирининг бош муҳаррири ўринбосари собиқ президент А.Ақаевга берилган бу сифат қадимдан қолгани, “подшоҳ” маъносини берадиган сўз эканини айтганди.

Ўзи умуман минтақа халқлари учун президент-срезидентдан кўра, қозоғистонлик ёш монархиячилар талаб қилаётганидай, хон, подшоҳ бўлгани дурустмикин?

Мана, масалан, Ўзбекистонда ҳам, ҳар ҳолда ўзбек журналистлари орасида, монархияга мойиллик борга ўхшайди. Ҳар ҳолда газеталарда президент Ислом Каримовга берилаётган сифатлар турли-туман.

Тошкентлик баъзи билгичларнинг айтишича, Оқсаройдан газеталар бошлиқларига кўрсатмалар тушиб туради. “Юқоридагилар”нинг таъкидича, ўзбек тилида “президент Каримов”, деб ишлатиб бўлмасмиш, бу шаклда менсимаслик, беписандлик бор эмиш.

Лекин айни пайтда Ўзбекистондаги русча газеталар шундай деб ёзиб ётибди.

Нима бўлганда ҳам, Ўзбекистонда жаноб Каримовга “Қуёш янглиғ”, деб сифат берганлари йўқ. Ҳозирча, ҳар ҳолда.

Тожикистон президентини “жаноби олийлари”, деб сифатлаш борлигини айтади душанбелик журналист Абдужалил Ғафуров.

Лекин матбуотгаям, унда президентларни кўкларга кўтариб мақтайдиган журналистларгаям ишониб бўлмайди, аслида. Буни президентлар билсалар керак.

Ана, “ажў”, “ажў”, дейишувди Асқар Ақаевни. Яъни “подшоҳ”, дейишувди. Кейин нима бўлди? Ағдариб солишди. Мана икки йилдирки, ўғридан олиб, ўғрига солишяпти.

Мавзу “Қуёш янглиғ Элбоши” - Қозоғистон президентидан, тўғрироғи, жаноб Назарбоевга шундай сифат берган қозоғистонлик монархиячилардан бошланганди.

Аслида монархиячилар аксилмонархиячилар бўлиб чиқди. Аслида улар бир кишининг яккаҳокимлигига қарши курашнинг шунақа, кинояли йўлини танлаган экан. Улар июннинг биринчи ўн кунлигида ўтказган тадбирларни полиция куч ишлатиб тарқатиб юборди.
XS
SM
MD
LG