Линклар

ГУАМ тинчликпарвар кучлар тузиш имкониятини ўрганади

  • Сарвар Усмон

ГУАМ ташкилотига аъзо давлатлар - Грузия, Украина, Озарбойжон ва Молдова раҳбарларининг Боку шаҳрида ўтган олий даражали учрашуви бир қанча келишувлар билан якунланди.

Ўз олдига демократик ва иқтисодий ривожланишни мақсад қилиб қўйган мазкур тузилма, баъзи кузатувчилар фикрича, Москва етакчилигидаги МДҲга посанги ўлароқ ташкил қилинган эди.

Ташкилотнинг Бокудаги саммитида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Грузия раҳбари Михаил Саакашвили, Украина етакчиси Виктор Юшченко ҳамда Молдова бош вазири Василь Тарлев иштирок етди.

Олий даражали учрашувга йиғилганлар ёнилғи-энергетика ва тинчликпарвар қўшинлар тузиш соҳаларида тиғиз ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Озарбойжон раҳбари саммит якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида ташкилот ролига тўхталиб: “Бизнинг манфаатларимиз, ёндашувимиз, асосий йўналишимиз умумийдир. Табиийки, бундай шароитда ташкилотимиз тез суръатли, жуда фаол ва ўта муҳим масалаларни ҳал қила оладиган тузилма бўлади”, - деди.

ГУАМга аъзо давлатлар раҳбарлари Россиянинг Днестрбўйи, Жанубий Осетия ҳамда Абхазияда жойлаштирилган қўшинлари ўрнини эгаллайдиган тинчликпарвар кучлар ташкил қилиш имконларини ҳам ўрганмоқчи.

“Биз яқин келажакда ГУАМнинг нафақат ҳарбий, балки полиция қўшинлари билан тинчликпарвалик амалиётларида қатнашиш имкониятларини яратиш устида ҳамкорлик қилишга келишиб олдик”, - деди Грузия ташқи ишлар вазири Гела Бежуашвили 18 июнь куни берган баёнотида.

Ёнилғи-энергетика масаласи ҳам саммит кун тартибидаги асосий масалалардан бўлиб, иштирокчилар Одесса-Броди нефть қувурини кенгайтиришга келишиб олди.

Бу қувурнинг кенгайишидан Озарбойжон ютади: ўз нефтини Россияни айланиб ўтиб, Польшанинг Гданьск порти орқали Ғарбий Европага етказиш имконига эга бўлади.

“Озодлик”нинг Бокудаги мухбири сўзларига кўра, Грузия президенти ГУАМни Европа Иттифоқи билан тиғиз алоқалар ўрнатишга чақирган.

Боку саммитида ЕИга аъзо уч давлат - Польша, Литва ва Руминия президентлари ҳам кузатувчи мақомида иштирок этди.

1999-2002 йилларда ГУАМга Ўзбекистон ҳам аъзо бўлган эди ва у пайтларда бу ташкилот ГУУАМ номи билан юритиларди. Ўзбекистон ўзининг бу ташкилотдаги аъзолигини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарорини тузилма “ортиқча сиёсийлашиб кетгани” ҳамда “қабул қилинаётган иқтисодий қарорлар бажарилмаётгани” билан изоҳлаган эди.

2005 йилнинг апрелида эса ГУАМ лидерлари “Қора денгиздан Болтиқ денгизигача бўлган ҳудудни демократиялаштириш” ҳақида баёнот берганидан кейин Тошкент бу ташкилотдан чиқажагини эълон қилган.
XS
SM
MD
LG