Линклар

EИ ташқи ишлар вазирлари МОга оид янги стратегияни маъқуллади

  • Фаррух Юсуфий

Люксембургда учрашган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари тузилманинг Марказий Осиёга оид бир йилдан бери муҳокама қилиб келинаётган янги стратегиясини маъқуллади.

Марказий Осиёга оид стратегия ЕИнинг минтақадаги манфаатларини белгилаб беради. Хусусан, унда минтақа давлатларининг ҳар бири билан икки томонлама ҳамда бутун минтақа билан ҳамкорлик қилиш ҳақида гап боради. Ҳужжатда ёшлар ва таълим, инсон ҳуқуқлари, қонун устиворлиги, ҳокимият ва демократиялаштириш, иқтисодий ривожланиш, савдо ва сармоя ётқизиш, энергия ва транспорт алоқалари, атроф-муҳит ва сув муаммолари, умумий таҳдид ва муаммоларга қарши кураш каби соҳалар тилга олинган.

ЕИ ташқи алоқалар комиссари Бенита Ферреро-Валднернинг матбуот котиби Кристиан Ҳоҳманн вазирлар маъқуллаган бу стратегия ЕИнинг Марказий Осиёга нисбатан расмий сиёсатига айланиши учун уни ҳафта охирида бўлиб ўтадиган учрашувда иттифоқ давлатлари раҳбарлари ҳам қабул қилиши кераклигини билдирди.

МОга оид янги стратегия Европа кенгаши сўровига кўра ЕИга раислик қилаётган Германия томонидан ишлаб чиқилди. Германия ҳали раислик мақомини қўлга киритмасдан аввал у реалполитик стратегия бўлишини таъкидлаганди. Яъни МО давлатлари билан муносабат қилишда, масалан, Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон мисолида кўрилгандек, инсон ҳуқуқлари ва демократия борасида ортиқча босим ўтказиб, алоқалар ўта совуқлашиб кетмаслиги учун реал воқеликка таянишни таклиф қилади бу янгича стратегия.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эса бундай ёндашувни иттифоқнинг инсон ҳуқуқлари ва демократия қадриятларини ўзининг иқтисодий манфаатларига қурбон келтириши, деб баҳолади.

Энергия соҳасида асосий ҳамкори бўлиб келган Россия билан алоқалари совуқлаша бошлагандан бери ЕИнинг энергия ресурсларига бой Марказий Осиёга қизиқиши ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Германия таклиф қилган стратегия кузатувчилар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан Европанинг айнан ана шу энергия бойликларига нисбатан таъмаси ўлароқ баҳоланмоқда.

ЕИ ташқи ишлар вазирлари маъқулланган ҳужжат янги стратегиянинг якуни кўриниши бўлди. Стратегия дастлаб таклиф қилингандан бери бир неча марта муҳокама қилиниб, унга ҳам инсон ҳуқуқларига оид, ҳам энергетика соҳасидаги ҳамкорликка оид ўзгартишлар киритилди.

“Стратегия мунтазам равишда такомиллашиб борди. Унинг якуний кўринишига хавфсизлик масаласида қўшимчалар киритилди, унда инсон ҳуқуқлари, иқтисод, энергия ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка оид қўшимчаларни кўриш мумкин. Стратегия биринчи марта тақдим этилгандан бери уни бир неча марта муҳокама қилдик, бу нормал такомиллаштириш жараёни бўлди”, - дейди ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти стратегиянинг якуний кўринишида, аввалгиларидан фарқли ўлароқ, бошқа соҳалар қаторида инсон ҳуқуқларига оид “амалий натижаларга йўналтирилган” фикрлар киритилганини эътироф этиб буни олқишлади. Лекин ташкилотнинг Германия бўлими раҳбари бу натижаларни аниқ белгилаб берадиган мезонлар йўқлиги муайян саволлар туғдиришини таъкидлади.

“ЕИ бошданоқ инсон ҳуқуқлари масаласи таклиф этилаётган янги стратегия асосини ташкил этишини айтиб келди. Шунинг учун, менимча, ЕИ Марказий Осиё давлатларида инсон ҳуқуқлари, фуқаровий жамият ва демократиянинг ривожланишини кафолатлаш учун чоралар кўрмоғи лозим. ЕИ аъзолари бу жараёнлар қандай бораётганини баҳолаши учун эса уларни яқиндан кузатиб бориши керак”, - дейди ҲРУ вакили.
XS
SM
MD
LG