Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:03

Озодлик эвазига тўланаётган ҳақ


“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган сиёсий маҳбусларни ўзи ва сафдошларини қоралаш эвазига озод қилиш амалиётини қўллаётганликда айбламоқда.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўлими раҳбари Элза Видал яқинда озод қилинган икки ҳуқуқ ҳимоячиси - андижонлик шифокор Гулбаҳор Тўраева ва мустақил журналист Умида Ниёзова суд залида ўз фаолиятидан пушаймонлик сўзларини айтишга ва ўз ҳамкасбларини қоралашга мажбур қилинган, дейишга тўла асослар борлигини таъкидлади.

“Биз Ўзбекистондаги вазиятни кўп йиллар давомида кузатиб келяпмиз. Бу ҳуқуқ ҳимоячилари ўз ишига берилган инсонлар эди. Айниқса, сўнгги қисқа давр уларнинг инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги ҳимояси учун бел боғлаган инсонлар эканини намойиш қилди. Шу боис, ўта қисқа муддат ичида уларнинг ўз позициясини ўзгартириши, бундан ташқари, ҳамкасблари номига бу қадар қўпол айбловларни айтиши, шубҳасиз, улар қийноққа солинганидан далолат беради ва бу биз учун янгилик эмас”, - деди Элза Видал ва Ўзбекистон қийноқлар қўлланиладиган мамлакат сифатида тан олинганини эслатди.

12 июнь куни бўлиб ўтган апелляция суди Г.Тўраевага дастлабки суд қарори билан белгиланган 6 йиллик қамоқни шартли жазо билан алмаштирган ва уни суд залидан озод қилган эди. “Жаҳон” ахборот агентлиги ана шу судда Г.Тўраева “ўз айбига тўла иқрор бўлгани” ва ҳамкасблари, жумладан, ўзбекистонлик журналист Галима Бухорбоева ва “Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятова шаънига қўпол айбловлар қўйгани ҳақида ёзганди.

Мутлақо ёпиқ ўтган суд мажлисига оид бор тафсилот аввалига фақат шу эди. Кейинроқ бу суд мажлиси Андижон вилояти телевидениесида ҳам намойиш этилди. Андижонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саодат Отахонова “Озодлик” билан суҳбатда бу лавҳада Г.Тўраева бирор ҳамкасбининг номини тилга олмаганини билдирди.

“Гулбаҳор устидан суд мажлиси Андижон телевидениесида кўрсатилди. Лекин унда Гулбаҳор ҳамкасбларининг номини айтмади. Умумий қилиб: “Мен энди ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифатчилар, мустақил журналистлар билан ишламайман. Уларнинг тутган йўли ҳақ йўл эмас экан”, деди. Мен у билан бугун кўришдим, гаплашдим ва тушундимки, у ростдан ҳам шу хулосага келган ва бунга уни мажбур қилишмаган”, - деди С.Отахонова.

Шу кунларда Г.Тўраеванинг ўзи билан боғланиш имкони бўлмаётир. С.Отахонова у ҳозир Андижондаги уйида, оиласи ёнида тинчгина яшашга қарор қилганини айтди.

Бу вазиятни кузатиб келаётган ўзбекистонлик бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари Г.Тўраева шундай кўрсатма беришга мажбур қилинди, деган қатъий фикрда. Жумладан, “Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятова 8 ойлик гўдаги ва яна 3 фарзандидан айириб, қамоққа ташланишининг ўзиёқ бу аёлга нисбатан куч қўлланилганига яққол далил эканини таъкидлади.

Г.Тўраева билан ёнма-ён ишлаган, бир вақтлар ўзи ҳам фаолияти учун айбланиб, 8 ой Тоштурмада сақланган ва Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқларни бошдан кечирган андижонлик мухолифат фаоли Акбаржон Орипов: “Г.Тўраева ҳозир ўзи айтаётган гапларига ўзи ҳам ишонаётган бўлиши мумкин. Чунки Ўзбекистон қамоқхоналарида мислсиз руҳий ва жисмоний қийноқ турлари қўлланилиши бизга аён. Бундай қийноқлар мавжуд экан, суд мажлисида айбланувчилар оғзидан чиқаётган бу каби иқрорлик кўрсатмаларига ишониш қийин”, - дейди.

Шу ўринда эслатиш жоиз, 2 ёшли фарзандидан айириб қамоққа ташланган мустақил журналист Умида Ниёзова ҳам озод этилиши арафасида ўз қилмишидан пушаймонлиги ва у ҳамкорлик қилган халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари тутган йўл нотўғри экани ҳақидаги матнни ўқиган эди.
XS
SM
MD
LG