Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:01

“Ёшлар” радиосидаги “исён”


Ўзбекистондаги “Ёшлар” радиосининг ўн беш ходими ўз раҳбарининг малакасизлиги, ўзбошимчалиги ва каналда ўрнатилган цензурага қарши юқори идораларга шикоят хати йўллади.

Журналистларнинг шикояти Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати ва Адлия вазирлигига жўнатилган.

Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг ўзини Зулфиқор Насимов сифатида таништирган ходими сўзларига кўра, “Ëшлар” радиосига яқинда раҳбар этиб тайинланган Қаҳрамон Ашуровнинг диний, тарихий мавзудаги барча туркум эшиттиришларни тўхтатгани, давлат дастурлари бўйича тайёрланадиган жиддий таҳлилий рукнларни тақиқлаб қўйгани шикоятга сабаб бўлган.

“Журналистикадан йироқ бўлган Қ.Ашуровнинг мақсади “оч қорним, тинч қулоғим” қабилида жиддий радиони кўнгилочар радиога айлантиришдир. Бунга эса радиодаги тажрибали журналистлар қарши чиқди”, - деди З.Насимов.

Унинг бу гапларини ўзбекистонлик яна бир журналист Абдураҳмон Ташанов ҳам тасдиқлади.

“Гап шундаки, шундоғам зўрға нафас олаётган каналга касби режиссёр бўлган Қ.Ашуров раҳбар этиб тайинланган. Бу шахс ўта бефаросатлиги, ҳаддан ташқари сиёсий “ҳушёрлиги” билан танилгани боис ҳам диний, тарихий мавзудаги барча туркум эшиттиришларни тўхтатган”, - деди А.Ташанов.

“Ëшлар” радиосининг ўзини таништирмаган ходими эса журналистларнинг чекловга қарши чиққанини “оламга ёйиш” тўғри бўлмаслигини, бу “ички ва кичик гап” эканини таъкидлади.

Аммо Зулфиқор Насимов бу шунчаки қарама-қаршилик эмас, исëн эканини айтади.
“Аслида бу кичкина гап эмас - катта бир исëн бу. Йигирмага яқин журналистнинг юқорига шикоят билан чиқиши ўша жойдаги вазиятнинг издан чиққанидан дарак беради”, - деди З.Насимов.

Унинг айтишича, Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг барча каналлари фақат шодлик ва бахт ҳақида “сайраш”га мажбур этилмоқда.

“Билвосита тепадан келган буйруққа кўра, Ўзбекистондаги барча телерадиоканалларда ғамгин нарсалар эфирга берилиши мумкин эмас. Агар киноларда қон тасвири бўлса, кесиб ташланяпти. “Оллоҳ”, “парвардигор”, “пайғамбар”, “намоз” каби сўзлар ҳам эфирдан олиб ташланмоқда. Телекомпания раҳбарларидан бири Хуршид Давроннинг “Улуғбек” радиопостановкасида “Али Қушчи узоқдан азон овозини эшитди”, деган жой бор эди. Х.Давроннинг ўзи ўша жойини қисқартириб берди”, - дейди З.Насимов.

Унинг фикрича, бу ҳолат 1937 йил қатағонлари пайтида “биз бахтлимиз”, деб ëзган совет матбуотидан ҳам даҳшатлидир.

“Бугунги кунда Ўзбекистон телерадиоканалларидаги ҳолатдан 37-йилларнинг совуқ нафаси келмоқда”, - деди журналист.

З.Насимовнинг билдиришича, журналистлар шикоятини шахсан ўрганган Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятов телерадиокомпания раиси Алишер Хўжаевга сим қоқиб, муаммони зудлик билан баратараф этишга чақирган.
XS
SM
MD
LG