Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:10

Ном талаш, обрў талаш...


Тожиклараро миллий ярашув келишувига эришилганига 10 йил тўлиши (27 июнь) арафасида Тожикистондаги Ислом уйғониш партияси ўзининг бу шартнома имзоланишидаги роли камситилаётганидан норози бўлмоқда.

Тожикистон расмийлари ва давлат тасарруфидаги оммавий ахборот воситалари тожиклар ерида тинчлик ўрнатилишида президент Имомали Раҳмоннинг ҳиссаси улканлигини тарғиб қилишда давом этмоқда. Бу эса Ислом уйғониш партияси аъзолари ғашига тегяпти.

Партия аъзолари Душанбеда ўтказилган давра суҳбатида бу тарихий келишув имзоланишида партиянинг марҳум раҳбари Саид Абдулло Нурийнинг хизматлари инобатга олинмаётганидан норози бўлди.

“Ярашув икки томоннинг ўзаро келишуви, бир-бирни кечириши демакдир. Тинчлик томонлар ярашуви туфайли ўрнатилади. Аммо Тожикистонда тинчлик ўрнатилишида ҳамиша бир томоннинг хизматлари инобатга олинади ва иккинчи томон ҳақида умуман гапирилмайди. У ҳолда бу ярашув эмас, балки бир томоннинг иккинчи томон устидан ғалабаси, дейилиши керак”, - дейди партия раиси ўринбосари Жамолиддин Маҳмуд.

Унинг сўзларига кўра, собиқ мухолифатнинг келишув имзоланишидаги хизматлари давлат телевидение ва радиоси орқали тарғиб қилиниши учун Тожикистон ҳукумати партиядан 600 АҚШ доллари талаб қилган.

“Бизга ордену медаллар ҳам, шону шуҳрат ҳам керак эмас. Бироқ Тожикистон ҳукуматига инсоф керак”, - деди партия масъули.

Профессор Табарали Зиёев Тожикистонда тинчлик ўрнатилишидаги асосий омил тожиклар давлатининг парчаланиб кетишини урушаётган томонлар ўз вақтида тушуниб етганида, деб билади. Шунингдек, у тинчлик ўрнатилишида воситачи давлатлар, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон, Эрон, АҚШ ва қисман Ўзбекистоннинг ҳам хизмати борлигини эътироф этди.

Профессор бу тарихий воқеада фақат президент И.Раҳмонни улуғлаб, бошқалар хизматини унутиш адолатсизлик бўлишини таъкидлади.

Ислом уйғониш партияси вакиллари давра суҳбати иштирокчилари тожиклараро миллий ярашув битими фақат бир кишининг хизмати туфайли қўлга киритилди, деган лофлар тарих саҳифаларига битилаётгани ва келажак авлод тафаккурида собиқ мухолифат салбий образ сифатида қолаётганидан норози эканини билдирди.

Даҳшатли фуқаролик урушини бошдан кечиргандан сўнг бугун тинчлик қадрига етиб қолган оддий тожикистонликлар эса собиқ мухолифатнинг ташвишлари асоссизлигини айтмоқда. Улар бугунги тинчликка йўл очиб берганлар барибир унутилмаслигини таъкидлаётир.

Ислом уйғониш партияси масъулларидан бири Саидумар Ҳусайн ҳам тожиклараро ярашувда кимнинг ҳиссаси каттаю кимники озлиги ҳақида баҳслар ортиқча экани, муҳими ҳозирги тинч-тотувликдан шукур қилиш эканини билдирди.

У Тожикистон парламенти миллий ярашув битимининг ўн йиллигига бағишлаб қабул қилган амнистия тўғрисидаги қонунни яхшилик аломати сифатида кўрмоқда.

“Бу галги авф миллий ярашув ўн йиллиги арафасида қабул қилинар экан, мамлакатимизда тинчлик ўрнатишга хизмат қилган, аммо турли жиноятларда айбланиб қамоққа ташланган партиямиз аъзолари авф этилишини сўраймиз. Ҳозир биз уларнинг умумий рўйхатини тузмоқдамиз ва яқин кунларда уни президент девонига тақдим этамиз”, - деди С.Ҳусайн.

Маълум бўлишича, бу рўйхатга собиқ мухолифатнинг Маҳмадрўзи Искандаров, Шамсиддин Шамсиддинов каби ўз замонининг фаоллари саналган 70дан ортиқ аъзоси киритилади.
XS
SM
MD
LG