Линклар

Экологияга оид халқаро хабарлар.

  • Ҳасанжон

Хитойнинг жануби-ғарбий минтақаларида ёққан кучли ёмғирдан кейинги сув тошқинлари оқибатида 36 одам ҳалок бўлди.

Хитойнинг Фуқаролик масалалари вазирлиги маълумотига кўра, тошқин хавф солаётган 292 минг аҳоли хавфсиз жойларга эвакуация қилинган. 20 июнь кунги сув тошқинлари оқибатида 17 минг хонадон вайрон бўлган. 44 минг гектар майдондаги қишлоқ хўжалик экинлари нобуд бўлган.

Хитой расмийларининг билдиришича, мазкур табиий офат туфайли қишлоқ хўжалигига 900 миллион юан, яъни 118 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар етган. Чонкинг, Сичуан, Гужоу ва Хубей вилоятларида яшовчи салкам тўққиз миллион аҳоли табиий офатдан зарар кўрган. 1998 йилда Хитойда рўй берган сув тошқинлари оқибатида уч мингдан зиёд одам нобуд бўлган эди.

*** *** ***

АҚШ Сенати аъзолари нефть компанияларига белгиланган солиқ миқдорини оширишни режаламоқда. 19 июнь куни тақдим этилган қонун лойиҳасига кўра, қўшимча солиқдан тушадиган 29 миллиард долллар маблағ энергияни тежаш, шамол турбиналари, электр гибрид моторли автомобиллар ишлаб чиқариш ҳамда тоза кўмир технологиялари яратиш ишларига сарфланиши мўлжалланган. Мазкур ҳужжат энергия ҳақидаги қонун билан бирга шу ҳафта охирида Сенат муҳокамасига қўйилади. Яқинда Сенат аъзолари дизел ёнилғиси ўрнига суюлтирилган кўмир яратиш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилмаган эди.

Атроф-муҳит ҳимоячилари фикрича, суюлтирилган кўмир оддий дизел ёнилғисига қараганда атмосферага анча кўп ис гази чиқаради.

*** *** ***

Атроф-муҳит ҳимояси билан шуғулланувчи “Ёввойи табиат” халқаро ташкилоти денгиз сувини тузсизлантириш ичимлик сув танқислиги муаммосини ҳал этишнинг тўғри йўли эмаслигини билдирди. Ташкилот чиқарган ҳисоботга кўра, денгиз сувини туздан тозалаш иқлим исишига ҳисса қўшиши мумкин.

“Денгиз сувини тузсизлантириш анча қиммат жараён. Бунинг учун кўп энергия сарфланиши керак. Бу жараёнда ҳавога чиқарилган зарарли газлар глобал иқлим ўзгаришига ҳисса қўшиши мумкин”, - деди ташкилотнинг ичимлик сув дастури вакили Лиза Ҳадийд.

Маълумотларга кўра, ҳозир Араб кўрфазида тоза ичимлик сувга бўлган эҳтиёжнинг 60 фоизи денгиз сувини тузсизлантириш орқали қондирилмоқда. Австралиянинг Перт шаҳрига етказиб берилаётган ичимлик сувнинг учдан бир қисми денгиз сувини туздан тозалаш орқали олинмоқда.

“ Денгиз сувини тузсизлантириш келажакда аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш учун ўринли бўлар. Аммо ҳозир бу жараённинг денгиз ўсимликлари ва сувда яшовчи жонзотларга қандай таъсир этиши борасида кам маълумотга эгамиз. Аммо дунёнинг катта қисми атроф-муҳитга кам зарар келтирувчи сув таъминоти тизимидан самарали фойдалиб келяпти”, - дейди Лиза Ҳадийд.

“Ёввойи табиат”нинг билдиришича, туздан тозаланган денгиз суви нафақат истеъмол, балки қишлоқ хўжалик соҳасида ҳам ишлатилмоқда. Масалан, Испанияда қишлоқ хўжалик экинларини суғоришда ишлатилаётган сувнинг 22 фоизи туздан тозаланган денгиз сувидир.

Ҳозир дунёда денгиз сувни тузсизлантирувчи мингга яқин завод ишлаб турибди.

“1950 йилларда жуда кўп тўғон қурилди. Аммо унинг атроф-муҳитга салбий таъсири кўп йиллардан кейин маълум бўлди. Шу каби денгиз сувини тузсизлантиришнинг салбий оқибатларини аниқ билмай туриб бу ишга қўл уриш хатарли бўлиши мумкин ”, - деди Лиза Ҳадийд.

*** *** ***

Германия атроф-муҳитни сақлаш вазири Сигмар Габриэл араб давлатларида қуёш энергияси ва қайта тикланувчан энергиянинг бошқа турларидан кенг фойдаланиш бу давлатларнинг ўзи ва Европа учун фойдали бўлишини билдирди.

С.Габриэл Миср, Ливия, Марокаш, Иордания ва Бирлашган Араб Амирликлари расмийлари билан учрашиш учун Сурия пойтахти Дамашққа жўнаб кетиши олдидан шундай баёнот берди.

Вазирнинг айтишича, қайта тикланувдан энергиядан кенг фойдаланиш глобал иқлим исишининг олдини олиш ҳамда энергетика хавфсизлигини таъминлашда ёрдам беради.

Жорий йил декабрда Балида БМТ ҳомийлигида глобал иқлим масаласига бағишланган анжуман ўтказилади. Дамашқ учрашувида мазкур анжуманга тайёргарлик масаласи муҳокама этилиши кутилмоқда.

*** *** ***

БМТ Атроф-муҳит дастури 20 июнь куни эълон қилган ҳисоботга кўра, шамол кучидан фойдаланиш ва биологик ёнилғи каби қайта тикланувчан энергия лойиҳалари учун 2006 йилда ётқизилган сармоя миқдори кескин кўпайиб, 100 миллиард долларни ташкил этган. 2005 йилда эса бу кўрсаткич 80 миллиард доллар эди. Жорий йилда эса қайта тикланувчан энергия лойиҳаларига 120 миллиард доллар сармоя ётқизилиши кутилмоқда.

БМТ Атроф-муҳит дастури матбуот котиби Ник Наттал қайта тикланувчан энергия лойиҳаларига сармоя ётқизилишининг кескин кўпайишига бир неча сабаб борлигини айтади.

“Биринчидан, иқлим ўзгариши борасидаги хавотирлар атмосферага камроқ ис гази чиқаришни талаб қилмоқда. Бошқа томондан, энергетика хавфсизлиги масаласи бор. Аксарият давлатлар хориждан келтириладиган ёнилғига қарамликни камайтиришни хоҳлайди. Учинчидан, атмосферага зарарли газлар чиқариш учун чеклов белгиланган. Бу эса қайта тикланувчан энергия лойиҳаларига сармоя ётқизишни рағбатлантиряпти. Тараққий этган давлатлар атмосферага кўпроқ зарарли газлар чиқараётгани эвазига ривожланган давлатларда қайта тикланувчан энергия лойиҳаларига сармоя ётқизмоқда”, - деди Ник Наттал.

БМТ ҳисоботига кўра, ўтган йили қуёш энергияси лойиҳаларига ётқизилган сармоянинг 40 фоизи янги технологиялар яратишга, 20 фоизи эса биоёнилғи технологиясига сарфланган.
XS
SM
MD
LG