Линклар

Қозоғистонда парламент тарқатиб юборилди


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат парламенти қуйи палатаси – Мажлиснинг тарқатиб юборилиши ва муддатдан олдин парламент сайлови ўтказилишини эълон қилди.

“Мен парламентни тарқатиб юбориш ва янги сайлов ўтказилишига оид қарор қабул қилдим”, - деди Қозоғистон раҳбари парламентдаги “Нур Отан” партияси фракцияси йиғилишида.

Қозоғистон Мажлисига сайлов 2007 йилнинг 18 август куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Парламентни тарқатиб юбориш таклифи билан куни-кеча депутатларнинг бир гуруҳи президентга мурожаатнома йўллаганди. Н.Назарбоев депутатларнинг бу мурожаатини тарихий қарор, деб баҳолади.

“3 йил давомида ўйланиб, барча сиёсатчилар билан маслаҳатлашиб, Қозоғистоннинг турли бурчакларида бўлиб, халқнинг ўй-фикрини ўрганиб сизга конституцияга ўзгартишлар киритиш лойиҳасини таклиф этгандим. Уни бир овоздан қўллаб қарор қабул қилганингиз учун юртбоши сифатида сизга чин юракдан миннатдорлигимни билдираман”, - деди Н.Назарбоев.

Қозоғистоннинг ҳозирги парламенти депутатлари 2004 йил кузида беш йиллик муддатга сайланган эди.

“Конституцияга ўзгартишлар киритилгач, депутатлар учинчи чақириқ Мажлисни тарқатиб юбориш керак, деган хулосага келди, - деди парламент депутати Нурбах Рустамов. - Биз президент номига, янги ўзгартишларни амалга ошириш учун парламентни тарқатиб юборсангиз, биз икки йил давомида демократик ислоҳотларга тўсиқ бўлишни истамаймиз, деган мурожатномани йўлладик”.

Мурожаатномага ҳукуматпараст “Нур Отан” партиясидан сайланган эллликдан ортиқ депутат имзо чеккан.

Президент ҳузуридаги Конституциявий кенгаш раиси Игор Рогов сўзларига кўра, парламентни тарқатиб юбориш ваколати фақатгина давлат раҳбарида бор. Қозоғистон конституциясининг янги талабларига кўра, президент спикерлар ёки ҳукумат бошлиғи билан кенгашган ҳолда ёки депутатларнинг парламентни тарқатиб юбориш ҳақидаги мурожатномаси асосида Мажлисни тарқатиб юбориш мумкин.

Парламент депутати, “Халқ коммунистлари” партияси аъзоси Ерасл Абулқосимов эса парламентни тарқатиб юбориш нечоғлик зарурлигини изоҳлар экан: “Парламентни тарқатиб юбориш, албатта, зарур. Чунки бу парламент ҳукумат топшириқларини сўзсиз бажарадиган аппарат бўлиб қолди. Юқорининг топшириқларига қарши сўз айтиш, ўз фикрини билдириш йўқ депутатлар орасида. Халқни, унинг муаммоларини унутиб, ҳукумат кўрсатмаларини бажариш билан чекланиб ўтирибди бу парламент”, - деди.

Дастлабки тахминларга кўра, сайлов ўтказилса, янги парламентдаги ўринларнинг 80 фоизини ҳукуматга қарашли партиялар эгаллайди. Мухолифат эса 20 фоиз жой билан кифояланади.

Қозоғистоннинг мухолифатдаги Умуммиллий социал демократик партияси раиси Жармахон Туёқбой бу башоратни изоҳлаб: “Парламентдаги жойларнинг бундай сунъий равишда тақсимланиши ҳукумат тепасида ўтирганларнинг авторитар психологиясидан дарак беради. Парламентдаги жойларнинг неча фоизи ҳукумат партияларига, қанчаси мухолифатга тегишли бўлиши ҳақидаги қарорни халқ қабул қилиши керак”, - деди.

Депутат Нурбах Рустамов эса парламентни тарқатиб юбориш ташаббуси билан чиққан депутатлар ўзларининг ҳаракатларини мардона қадам сифатида баҳолаётганини билдирди.

“Бу орқали менинг ҳамкасбларим ўзининг фуқаролик позициясини кўрсатди. Биз яна икки йил тинчгина парламентда ўтиришимиз мумкин эди. Аммо биз жамиятнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётида рўй бераётган ўзгаришларни ҳам инобатга олмоғимиз даркор”, - деди депутат.

Парламентнинг партиясиз депутати Бўлат Абишев эса парламентни тарқатиб юбориш ҳақида президентга йўлланган мурожатномага имзо чеккан депутатлар ҳаракатини танқид қилиб, улар президент девонидан келган буйруқни бажараётганини айтади.

“Парламентнинг тарқатиб юборилишида катта маъно кўраётганим йўқ. Депутатлар сайловчилар ва халқнинг фойдасини кўзлаб қилгани йўқ бу ишни. Парламентни тарқатиб юбориш тарафдорлари фақат ўзларининг фойдаларини кўзламоқда. Бўлиб ўтадиган сайлов олдидан ҳукуматга ўзларини яхши кўрсатиш, янги тизимга қайсидир бир йўл орқали илиниб қолайлик, деган мақсадда бу ишни қилмоқда”, - деди Бўлат Абишев.
XS
SM
MD
LG