Линклар

Жеруй можароси тугайдиганга ўхшамаяпти


Қирғизистон ҳукумати тақдим этган Жеруй олтин конини ўзлаштиришнинг янги техник иқтисодий асосламаси мамлакат жамоатчилигининг кескин танқидига дучор бўлди.

Олтин конини ўзлаштиришда экологик талабларга амал қилинмаётгани юзасидан аҳоли билдирган норозиликлардан кейин бир ой муқаддам кон ўз фаолиятини тўхтатган эди. Конни ўзлаштиришнинг янги техник иқтисодий асосламаси ҳукумат бу масалани муҳокама қилганидан сўнг пайдо бўлди.

Ҳукумат ва Жеруй олтин кони раҳбариятининг билдиришича, янги асослама мустақил экологик ва техник ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилган. Бу асосламани ишлаб чиқишда манфаатдор томонлар иштирок этмаган.

Янги асосламада аҳоли фикрига қарши ўлароқ, конда экологияга зарар етказмайдиган технология ишлатилаётгани билдирилган. Буни Жеруй кони бош геологи Эмил Осмомбетов ҳам тасдиқлайди.

“Экологияга ҳеч қандай зиён йўқ. Чунки кондан олинаётган маъданда мишяк ва уран каби зарарли моддалар йўқ. Шу боис ҳам Жеруй кони атроф-муҳитга зиён етказмайди”, - деди Эмил Осмомбетов.

Айни пайтда Жеруй юзасидан Қирғизистонда икки компаниянинг судлашаётгани ҳам олтин конининг ўзлаштирилишига халақит бермоқда. Қирғизистон тоғ кон саноатчилари бирлашмаси раҳбари Ўрозбек Дуйшеев Жеруй кони экологияга катта зарар етказаётгани ҳақидаги миш-мишларни жамоатчилик орасига бир-бирига қарама-қарши бўлган компаниялар тарқатаётганини тахмин қилади.

“1991 йилда Жеруй олтин конининг барча лойиҳаси тасдиқланган ва ҳатто иш чизмалари ҳам тайёр бўлган эди. Қирғизистон ҳукумати билан сармоядорларнинг тил топиша олмаётгани олтин конининг тўлиқ ишлашига халақит бермоқда”, - деди Ў.Дуйшеев.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон ҳукумати аввалига Жеруй конини ўзлаштиришни “Қирғизолтин” ва Буюк Британиянинг “Оксус голд” компанияларига топширган. Бироқ орадан кўп ўтмай, ҳукумат олтин конини ўзлаштириш талаблари бажарилмаяпти, деган баҳона билан “Оксус”нинг лицензиясини бекор қилган. 2005 йилда эса конни ўзлаштириш ҳуқуқи ҳукумат қарори билан Австралиянинг “Глобал голд” холдингига берилган. Бироқ мамлакат президенти Қурманбек Бақиев фармони билан конни ўзлаштириш ҳуқуқи яна Британия компаниясига қайтарилган. Айни пайтда Британия ва Австралия компаниялари кон кимга тегишли эканини судда аниқламоқда.

Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Роза Отунбоеванинг айтишича, Жеруй олтин конини ўзлаштириш масаласи бугунги кунда олий даражадаги раҳбарларнинг шахсий манфаати доирасига боғланиб қолмоқда. “Оксус голд” компанияси эса Лондондан сиёсий бошпана топган россиялик олигарх Борис Березовскийга тегишлидир.

“Президентнинг ўғли Максим Бақиев Березовскийни шерик қилиб, ҳеч қандай тендерсиз олтин конини ўзлаштириб олмоқчи бўлаётир. Ҳеч қачон олтин конларини ўзлаштирмаган компанияга Жеруй олтин кони тендерсиз инъом қилинишининг ўзи шубҳали масаладир”, - деди Роза Отунбоева.

Унинг таъкидлашича, ҳукумат эълон қилган янги техник иқтисодий асослама ҳам мукаммал эмас. Унда эклогик экспертиза ҳужжатлари, хавфсизлик ва сармоя каби муҳим масалалар ҳал этилмаган.
XS
SM
MD
LG