Линклар

Сийлов ортида сайлов борми?

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистон исломий ҳаракатининг собиқ аъзоси Ҳусинбой Олимов Хива шаҳри ва тумани ҳокимлиги томонидан янги қурилган турар-жой биносидан 2 хонали квартира билан сийланди.

Ҳ.Олимов 1981 йилда Хива шаҳрида туғилган. 90-йилларда дин йўлига кириб, 1999 йилда ота-онаси, икки укаси ва икки синглиси билан бирга Каримов режимига қарши курашиш учун мамлакатдан чиқиб кетган.

Ўзининг сўзларига кўра, Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида уларни бир киши кутиб олган ва Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Ҳоит қишлоғидаги штабига олиб борган. Наманганлик Абдулҳаким исмли киши уларга ЎИҲ сафларида Имоми Аъзам мазҳабига бўйсунилиши, кимки қоидани бузса, жазоланиши, шунга рози бўлишса, бу ерда қолиши мумкинлигини айтган. Улар орқага қайтиш имконияти бўлмагани учун бу шартларга рози бўлган ва уларнинг паспортлари олиб қўйилиб, сомон лой билан сувалган жой билан таъминланган.

“Совуқ, қор ёғиб турибди, мева-чева йўқ, газ, чироқ, телевизорсиз шароит оғир эди”, - дейди Ҳусинбой.

Олимовлар оиласи Тожикистонда бир йил диний ва ҳарбий тайёргарликни ўтагач, 2000 йилда Афғонистонга ўтказилади. Дастлаб Қундуз, кейин Мозори шариф, сўнг Кобулга боришади. Кобулда улар ЎИҲнинг Имом Бухорий номидаги мадрасасида афғон, тожик ва бошқа миллат вакиллари билан бирга ўқий бошлайди. Ҳусинбой бу мадрасада ўқишнинг чеки йўқлигини, турли ёшдаги одамлар истаганча ўқийверишини, уни битказганлар ҳарбий тайёргарлик билимгоҳларида ёки оддий жангарилар сафида яшаши, агар билими кучли бўлиб чиқса, бирор жойда мударрислик қилиши мумкин бўлганини эслайди.

“Икки ўғил укам ҳам мен билан бирга мадрасада ўқиди. Отам шу мадрасада таъминотчи эди. Озиқ-овқат келтириб берарди. Тўғрисини айтиш керак, у ерда озиқ-овқат, кийим-кечак, ҳамма нарса етарли эди. Чироқ, газ бор эди. Энг оғири шу эдики, у ерда биз ўлимимизни кутиб яшардик. Кобулда кунда отишма, гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда портлаш, биров бировни пичоқлаб кетиши каби воқеалар кўп бўлиб турарди. Қўрқиб кўчага чиқмасдик, еганимиз ичимизга тушмасди. 2001 йил шундай ўтди. 2002 йилда Афғонистон ичида портлашлар бошланиб кетди. Америка Афғонистонга қўшин киритгандан кейин қоча-қоча 4-5 ой деганда - 2002 йил 31 декабрда онам, укамлар билан Покистонга кирдик. Отам биздан сал орқароқда келаётганди. Улар беш-олти соатдан кейин Покистонга кириши керак эди. Лекин йўлда Америка аскарларига тўқнаш келиб, отишмада отам кўкрагидан ўқ еб ҳалок бўлди”, - дейди Ҳусинбой.

Унинг сўзларига кўра, 2002 йил майда Хоразмда қолган тоғаси Собиржон Олимов билан телефон орқали гаплашишга муваффақ бўлган. Ўзбекистон президентининг пушаймон қилганлари авф этиш тўғрисидаги фармонига ишониб ёзган аризаси асосида кечирилиб, онаси, икки укаси, битта синглиси билан юртига қайтган. Сингилларидан бири Малоҳат Олимова Покистонда эрга тегиб қолиб кетган.

“Аслида 1999 йилда Тожикистонга борганимиздан бир ой ўтиб уйга қайтмоқчи бўлганмиз. Паспортларимизни беришмади. Ким кетса отиб ташлаш билан қўрқитишди”, - деб эслайди Ҳусинбой.

2002 йил 11 августида Олимовлар оиласининг беш аъзоси - Ҳусинбойнинг ўзи, онаси Дилором Отажонова, укалари Жавлон, Олимбой, Сожида самолётда Хоразмга етиб келди.

Ҳусинбойнинг таъкидлашича, Хоразмга келганидан кейин улар эътибордан четда қолмаган. Оилавий шароитини кўриб уларга 2 хонали уй ажратилган.

“Бу жудаям катта гап. Ахир биз Ўзбекистонга қарши бўлиб тўрт йил яшадик, лекин шу айбларимизни кечириб, бизга шунча ёрдам беришяпти”, - дейди Ҳусинбой.

Шу ўринда айтиш керак, Ҳусинбойга Хиванинг Қосмаобод шаҳарчасидан берилган бу уйнинг нархи ҳозир 10 минг доллардан кам эмас.

Ҳусинбой ҳикоясини эшитган самарқандлик Йўлдош Очилов бу сайловолди ташвиқотидан бошқа нарса эмаслигини таъкидлади.

“Бу ташвиқотдан бошқа нарса эмас. Ҳозир минглаб йигитлар қамоқда ётибди. Улар ҳам беайб”, - дейди Й.Очилов.
XS
SM
MD
LG